Бухоро вилояти Ички ишлар органлари ходимлари билан амалий семинар машғулотлари ўтказилмоқда
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ Бухоро вилоятида бўлиб, вилоят маҳаллаларидаги мавжуд криминоген вазият, шунингдек, жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ижро ҳамда хизмат интизомига риоя этилиши, ходимларнинг маънавий-маърифий, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги даражаси комплекс таҳлил қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан масъулларга манзилли топшириқ ва кўрсатмалар берилган эди.
Шу асосида, Ички ишлар вазирининг ўринбосари бошчилигида икки кунлик семинар-тренинг машғулотлари ўтказилмоқда.
Ходимларнинг жанговар шайлиги даражасини янада мустаҳкамлашга қаратилган дастлабки машғулотларга ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда ташкилий бўлим (бўлинма) лар бошлиқлари жалб этилди.
Бунда, фавқулодда вазиятларда куч воситаларни тўғри тақсимлаш, тезкор қарорлар қабул қилиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва шу каби бошқа масалалар юзасидан тушунчалар берилди.
Шундан сўнг, вилоят Ички ишлар бошқармасида фаолият олиб бораётган ва бугунги кунда такомиллаштириш жараёнида бўлган “Хавфсиз шаҳар” платформасига интеграция қилинган “Тезкор бошқарув Маркази”да амалий семинар давом эттирилди.
Бу ердаги машғулотларга вилоят ва туман (шаҳар) ички ишлар органлари Навбатчилик қисмлари ҳамда соҳавий хизматларининг тезкор навбатчилари ҳам жалб этилди.
Жараёнда марказнинг ишлаш тизими, унинг имкониятлари, ҳудудларда жамоат тартиби, фуқаролар хавфсизлиги, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш мақсадида ташкил этилган тезкор бошқарув маркази тўғрисида батафсил маълумот берилиб, онлайн режимда унинг имкониятлари ва қулайликлари намойиш қилинди.
Ходимларнинг касбий билим кўникмаларини, жисмоний ва жанговар шайлигини оширишга қаратилган семинар машғулотлари давом этмоқда.