Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида жиноятчиликни барвақт олдини олиш борасидаги чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан муҳокама йиғилиши ўтказилди
Бугун, 5 январь куни вилоят Ички ишлар бошқармасида, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг ўринбосарлари ва масъул ходимлари иштирокида, ҳудудларда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Йиғилишни бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Баҳодирхўжа Шарипов олиб борди.
Дастлаб, ўтган ҳисобот йилида вилоятда жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида йўл қўйилган тизимли камчиликлар, маҳаллаларда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг аҳволи танқидий кўриб чиқилди.
Кўриб чиқилган ҳар бир масала юзасидан ҳудудий ички ишлар органларининг раҳбарлари ва масъул ходимлари, вилоят ички ишлар бошқармасидан туман (шаҳар)ларга бириктирилган бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари ва кураторлар, Жиноят қидирув, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, Жамоат тартибини сақлаш ва Ташкилий бошқармалар раҳбар ва масъул ходимларининг ҳисоботлари тингланди.
Йиғилиш якунида барча соҳавий хизматлар, ҳудудий ички ишлар органлари раҳбар ва масъул ходимларининг ҳар биридан ижрочилик интизомига қатъий риоя қилишлари, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасидаги кечиктириб бўлмас тезкор, профилактик ва ташкилий тадбирларни ўз вақтида, сифатли ва самарали ташкил этишлари лозимлиги, зиммаларига юклатилган вазифаларни бажаришда ташаббус кўрсатиб, қўл остидаги ходимларга шахсий намуна кўрсатишлари талаб қилинди.