3 Октябр 2024 йил 2207

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов вилоят 3 секторига қарашли Шофиркон туманида ўрганиш ишларини олиб борди

Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида мамлакатимизнинг барча ҳудудларида йўлга қўйилган секторлар фаолияти давлат органларини аҳоли билан янада яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотини йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда.

Айни мақсадда эса Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи доимий равишда ҳудудларда бўлиб, туманлар сектор раҳбарлари, тегишли масъуллар, маҳаллалар «еттилик» вакиллари шунингдек, аҳоли билан бевосита мулоқот ўтказиб, мавжуд муаммоларни тизимли равишда ҳал этиб келмоқда.

Ушбу ўрганишлар доирасида бугун вилоят 3-сектор раҳбари Шофиркон туманида бўлди.

Бугунги кунда Шофиркон туманининг энг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган «Шибирғон» маҳалласида Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсуновнинг ташаббуси, туман сектор раҳбарларининг саъй ҳаракатлари билан маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси, унинг ёнида 100 нафар маҳалла хотин-қизларини доимий иш билан таъминлашга хизмат қилувчи тикувчилик цехи ҳамда ушбу маҳалла профилактика инспектори ва унинг оила аъзолари истиқомат қилиши учун хизмат уйи қурилиши якуний босқичига етиб келган.

Бошқарма бошлиғи ушбу маҳаллада бўлиб, янгидан қурилган маҳалла биноси, тикувчилик цехи ва профилактика инспекторининг хизмат уйида амалга оширилган қурилиш, ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди.

Шундан сўнг, вилоят 3-сектор раҳбари Икромжон Турсунов Шофиркон туманида пахта-йиғим терими мавсумида теримчиларга яратилган шароитлар, хавфсизлик чораларининг кўрилгани, терим пулларининг ўз вақтида берилиши юзасидан ўрганишлар олиб борди.

Жараёнда илғор теримчиларни рағбатлантириш мақсадида уларга эсдалик совғаларини улашди.

Шунингдек, ўрганишлар давомида пахта терими мавсумида ҳосилни пайхон ва талон-тарож қилинишини олдини олиш, пахтани ташишга мўлжалланган транспорт воситалари ва тиркамалар, терим отрядларини уюшқоқлик билан кўчиришда фойдаланилаётган автобусларнинг техник хавфсизлигини, йўлларда ҳаракатланиш вақтида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ишларини алоҳида назоратга олиш, улар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини содир этилишига йўл қўймаслик, шу билан бирга ҳашарчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш юзасидан масъулларга аниқ вазифа ҳамда топшириқлар берилди.

Бу каби ўрганишлар давом этмоқда.

Text to speech