Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов томонидан Ғиждувон туманида "Хавфсиз ҳудуд" кенг қамровли профилактик тадбирларига жалб этилган шахсий таркиб иштирокида навбатдаги тунги хизмат олди Йўриқномаси ўтказилди
Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбарининг Бухоро вилоятига ташрифи якунлари юзасидан ўтказилган йиғилишда Бухоро вилоятини жиноятдан холи ҳудудга айлантириш борасида мутасаддиларга манзилли топшириқлар берилиб, криминоген вазияти оғир бўлган икки ҳудуд Бухоро шаҳрига вилоят прокурори, Ғиждувон туманига Ички ишлар бошқармаси бошлиғи масъул этиб бириктирилиб, вилоят прокурори ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг қўшма фармойиши ишлаб чиқилган ҳолда Бухоро шаҳри ҳамда Ғиждувон туманида ҳуқуқ-тартибот органлари ва бошқа тааллуқли мутасадди идораларнинг шахсий таркибидан иборат алоҳида гуруҳлар томонидан бир қатор манзилли ишлар, тезкор ҳамда профилактик тадбирлар бошлаб юборилди.
Жумладан, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи масъул этиб бириктирилган Ғиждувон туманида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, маҳаллаларни жиноятдан холи ҳудудга айлантириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, маҳаллалардаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, айниқса ишсизлик ва камбағалликни бартараф этиш, миграцияга кетган ва қайтиб келган шахслар ва уларнинг оила аъзолари билан манзилли ишлаш, бугунги кунда судларда низолашаётган ёки низоли оила сифатида профилактик ҳисобга олинган оилалар билан ишлаш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилган.
Шу ва бошқа бир қатор тезкор профилактик тадбирларнинг бориши, кунлик назорат тизимининг қай тартибда ташкиллаштирилганлигини кўздан кечириш мақсадида, бугун вилоят ИИБ бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ўзи масъул этиб бириктирилган Ғиждувон туманида бўлиб, ҳаракатга келтирилган "Хавфсиз ҳудуд" кенг қамровли тезкор профилактик тадбирларига жалб этилган шахсий таркиб иштирокида навбатдаги кенгайтирилган тунги хизмат олди Йўриқномасини ўтказди.
Жараёнда мазкур тадбир доирасида шакллантирилган гуруҳлар ва масъул раҳбарларнинг дастлабки иш натижалари таҳлил қилиниб, тезкор профилактик ҳамда ижтимоий профилактик тадбирларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, иш самарадорлигини ошириш юзасидан ўзининг бир қатор тавсияларини билдириб, масъул раҳбарлар, туман сектор раҳбарларига бир қатор кўрсатма ва топшириқлар берди.
"Хавфсиз ҳудуд" кенг қамровли тезкор ҳамда профилактик тадбирлари вилоятнинг бошқа барча шаҳар ва туманларида ҳам изчиллик билан давом эттирилмоқда.