25 Март 2024 йил 4048

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасидаги муҳокама йиғилиши ўтказилди

Бугун, 25 март куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов ҳузурида бошқарма аппарати ва барча ҳудудий ички ишлар органлари шахсий таркиби ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, тизимда содир этилиши мумкин бўлган турли коррупциоген ҳолатларни олдини олиш, мурожаатлар билан ишлашда сансоларликка йўл қўймаслик, таъмагирлик ва бошқа шунга ўхшаш салбий ҳолатларни олдини олишга бағишланган муҳокама йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда бошқарма бошлиғининг барча ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматлар ва ўрта бўғин раҳбарлари, видеоконференс алоқа шаклида барча ҳудудий ички ишлар органлари шахсий таркиби иштирок этди.

Йиғилиш кун тартибидаги асосий масала ҳисобланган ўтган ҳисобот йили ва шу йилнинг ўтган даври мобайнида шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, хизмат ўташни ташкиллаштириш борасида амалга оширилган ишларнинг аҳволи, бу йўналишдаги йўл қўйилиб келинаётган тизимли камчиликлар бирма-бир муҳокама қилиниб, асосий эътибор келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифаларга қаратилди.

Танқидий руҳда ўтган очиқ мулоқотда, ўз хизмат вазифаларига масъулиятсизлик билан ёндашган бир неча ходимларга нисбатан қаттиқ интизомий таъсир чоралари қўлланилди.

Йиғилиш давомида келгусидаги устувор вазифалар, ходимлар ўртасида хизмат интизоми ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга доир амалга оширилиши лозим бўлган манзилли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Жумладан, ички ишлар органларида кадрлар сиёсатини тўғри ва адолатли олиб бориш, тизимни халқчил тузилмага, фуқароларнинг чинакам ҳимоячисига айлантириш, ходимларни Ватанига ва касбига садоқат руҳида тарбиялаш, тараққиётнинг энг асосий тўсиқларидан бири бўлган коррупция балосига қарши кескин ва аёвсиз кураш олиб бориш лозимлиги қайд этиб ўтилди.

Бу каби муҳокама йиғилишлари тизимли олиб борилиши, хизмат интизоми ва қонунчилик талабларини бузган ҳар қандай тоифадаги масъул раҳбар ва ходимларга нисбатан кескин таъсир чоралари қўлланилиши қатъий белгиланди.

Text to speech