7 Декабр 2023 йил 1250

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов ҳузурида криминоген вазияти оғир қизил тоифага кирган маҳаллаларда жиноятчиликни олдини олиш борасидаги ишлар муҳокамаси ўтказилди

Бугун, 7 декабрь куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида бошлиқ полковник М.Ю.Миралимов ҳузурида маҳаллаларда жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган ишларнинг аҳволи, вилоят ҳудудидаги жиноятчилик кўрсаткичлари юқори бўлган, криминоген вазияти оғир, “қизил” тоифадаги 137 та маҳаллаларда амалга оширилган иш натижалари юзасидан муҳокама йиғилиши ўтказилди.

Унда бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматлар раҳбарлари, шунингдек, вилоят ИИБ дан "қизил" маҳаллаларга бириктирилган масъул ходимлар ҳамда видеоконференция орқали барча шаҳар ва туман ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этдилар.

Муҳокамада содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларга омил бўлаётган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилинди.

Бошқарма бошлиғи маҳаллаларнинг криминоген вазиятига таъсир қилаётган омиллар, комплекс ёндашув асосида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, салмоғи юқори бўлган жиноятларни олдини олишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда махсус контингент билан ишлашнинг замонавий услубларини қўллашга доир алоҳида топшириқлар берди.

Шунингдек, келгусида жиноятчиликни олдини олиш мақсадида, 10-сонли қўшма қарор талабларидан келиб чиқиб "қизил"тоифадаги маҳаллаларда "хонадонбай", "оилабай" ва "фуқаробай" тизим, “Хавфсиз ҳовли” тамойили асосида амалга оширилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилиш давомида ўзига бириктирилган қизил тоифага кирган маҳалла ҳудудида етарли даражада профилактик тадбирларни амалга оширмаган масъул раҳбарлар ва профилактика инспекторларига нисбатан интизомий таъсир чоралари қўллаш юзасидан қарорлар қабул қилинди. Бундан ташқари ушбу тоифа маҳаллаларда келгусида бажарилиши лозим бўлган кенг кўламли профилактик тадбирлар юзасидан масъулларга аниқ муддатлари белгиланган топшириқлар берилди.

Text to speech