2 Март 2025 йил 4280

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов вилоят 3-секторига қарашли Ғиждувон туманида оғир маҳалла тоифасига киритилган Тошлоқ ҳамда Оқработ маҳаллаларида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар билан яқиндан танишди

Бугунги кунда Давлатимиз раҳбарининг "2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги 1-сон Қарори ҳамда "Рақамлашган, обод ва хавфсиз маҳалла" тамойили асосида вилоятимизнинг 55 та оғир тоифали маҳаллаларида манзилли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан, бошқарма бошлиғи бошчилигида 3-сектор штаби аъзолари ва тегишли корхона ва ташкилотлардан иборат ишчи гуруҳлар вакиллари томонидан Ғиждувон туманининг оғир маҳаллалари бўлган “Тошлоқ” ҳамда "Оқработ" маҳаллаларида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, коммуникация тармоқлари, инфратузилма ҳолатини яхшилаш, аҳолини қийнаб келаётган тизимли муаммоларни ҳал этиш орқали обод ва хавфсиз гўшага айлантириш мақсадида кенг кўламли тозалаш-ободонлаштириш, қурилиш-таъмирлаш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Вилоят Ички ишлар бошқармасидан ушбу маҳаллага бириктирилган масъуллар, ҳудудий сектор раҳбарлари ва маҳалла "еттилиги" иштирокида ўтказилган ўрганишлар давомида бошқарма бошлиғи кўчама-кўча, хонадонма-хонадон юриб, ушбу маҳалла фаоллари ва аҳоли билан мулоқот ўтказди ва жараёнда аҳолини қийнаб келаётган мавжуд ижтимоий-маиший муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш борасида топшириқлар берди.

Президентимизнинг "Камбағалликдан фаровонлик сари" Дастури, шунингдек, "Сайхунобод", "Уйчи", "Зарбдор" ва "Ғиждувон" туманлари тажрибалари асосида аҳолининг доимий даромад манбаини ошириш, бир кўча бир маҳсулот тамойили асосида маҳалла драйверини яратиш, хонадонларнинг томорқаларидан унумли фойдаланиш, бунда кичик ҳажмли иссиқхоналарнинг афзалликларини кенг тарғиб қилиш, тадбиркорлик, ҳунармандчилик, чорвачилик ва паррандачиликни ривожлантириб, пировардида ишсиз ва миграцияда юриб қийналган фуқароларимизни доимий ва даромадли иш билан таъминлаш масалаларини кўриб чиқди.

Бундан ташқари, маҳалланинг ички йўлларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, пиёдалар, айниқса вояга етмаганлар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида барпо этилаётган “Хавфсиз кўча” ва “Хавфсиз йўлак” лойиҳалари доирасида олиб борилаётган ишларни ҳам кўздан кечирди.

Бугунги кундаги энг долзарб вазифалардан бири бўлган ҳудудларни рақамлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, замонавий видеокузатув мосламалари билан таъминланган ушбу маҳаллаларнинг назоратга олинмаган муҳим нуқталари, мактаб ва унинг очиқ спорт майдони, аҳоли хонадонлари, маиший ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида хавфсизликни таъминлаш мақсадида қўшимча интеллектуал видеокузатув камераларини ўрнатиш, қўриқлаш пультига уланиш, шунингдек, энергия тежовчи замонавий технологияларнинг имкониятларидан оқилона фойдаланишнинг афзалликларини тушунтириш орқали қуёш панелларини ўрнатиш борасидаги манзилли ишларни кучайтириш борасида ҳам кўрсатмалар берилди.

Ушбу икки оғир тоифали маҳалла ҳудудидан ўтувчи йўллар ва ички кўчаларда тозалаш, ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш, фермер хўжаликларининг қишлоқ хўжалиги ерларида, боғ ва токзорларда баҳорги агротехник тадбирларни олиб бориш, ариқ ва зовурларни тозалаш, бетонлаштириш каби ишларни бажариш юзасидан берилган вазифаларнинг ижроси ҳам назорат тартибида ўрганилиб, қўшимча тавсия ва топшириқлар берилди.

Бу каби ўрганишлар давом эттирилмоқда.

Text to speech