22 Декабр 2024 йил 1784

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов олис “Жонгелди” овулида бўлди

Пешку тумани марказидан сал кам 200 километр узоқликда жойлашган, маъмурий тузилиши жиҳатдан Сафрон, Қалъа Ота ва Жонгелди қишлоқларидан иборат “Жонгелди” маҳалла фуқаролар йиғинидаги кенг яйловларда асосан чорвадорлик, йилқичилик, шунингдек, тадбиркорлик билан шуғулланиб келинмоқда.

 Асосан қозоқ миллатига мансуб қардошларимиздан таркиб топган овулда 160 та хонадонда, 208 та оила, 760 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда.

 Жонгелдида яшовчи маҳаллий аҳоли вакиллари учун ҳозирда 3 та умумтаълим мактаби, 2 та мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 10 ўринга мўлжалланган замонавий қишлоқ участка касалхонаси, ижтимоий дорихона фаолият кўрсатмоқда.

Хусусан, чўлқуварлар овулида зарур инфратузилма, электр энергияси, йўл, иссиқлик тизими, истеъмолга яроқли тоза ичимлик сув таъминоти, сувоқава тармоғини қуриш ва талаб даражасида таъминлаш ишлари бугунги кунга келиб тўлиқ бажарилган.

 Мавжуд ижтимоий соҳа объектлари таъмирланган. Замонавий болалар мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилган. Шунингдек, савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари барпо этилиб, аҳолига зарур шарт-шароит яратиб берилган.

Биргина аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тармоғида юз бераётган янгиланишларни олсак, “Обод қишлоқ” давлат дастури асосида овул поликлиникасини қуриш ва жиҳозлашга бюджет ҳисобидан 3,8 миллиард сўм маблағ ажратилиб, замон талабига мос иншоотнинг муҳандислик–коммуникация тармоғи, яъни муқобил иситиш қозонхонаси, электр энергияси ва тоза сув таъминоти шай ҳолга келтирилган.

Бугун, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов, туман ҳокими ва бошқа сетор раҳбарлари, тааллуқли мутасаддилар билан биргаликда яқинлашиб келаётган “Янги йил” байрами олдидан олис овул аҳолисининг кайфиятини кўтариш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, бу манзилда фаолият олиб бораётган ижтимоий соҳа оъектлари, жумладан, мактабгача таълим ташкилоти, умумий ўрта таълим мактаби, қишлоқ участка касалхонаси ва аҳоли хонадонларида яратилгант шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида Жонгелди овулига ташриф буюришди.

 Бошқарма бошлиғи овулдаги ўрганишлари доирасида бевосита маҳаллий чўлқуварларнинг турмуш тарзи ва яшаш шароити билан яқиндан танишгани ҳолда уларнинг кундалик ташвиш–муаммолари билан қизиқди. Мурожаатларига қулоқ тутиб, ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар хонадонларига бориб, ушбу тоифа фуқароларнинг ҳолидан хабар олди.

Шунингдек, овулда "Янги йил" байрами муносабати билан озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилиб, юртдошларимизнинг талаб ва истакларидан келиб чиқиб 30 дан ортиқ махсулотларнинг арзонлаштирилган савдоси йўлга қўйилди.

 Айтиш жоизки, олис овулда бўлаётган бу каби ўзгаришлар, юртдошларимизни эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаб, оилалар моддий манфаатдорлиги ва турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилади. Фаровонлик сари юз бурган “Жонгелди” маҳалласи аҳолиси ҳам бугунги турмушидан рози бўлиб, ватан тараққиётига ўзларининг муносиб ҳиссасларини қўшадилар десак муболаға бўлмайди.

Яқинлашиб келаётган “Янги йил” байрами тадбирлари олдидан бу каби тадбирлар вилоятнинг барча маҳаллаларида, айниқса чекка қишлоғу овулларда ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, тасдиқланган режа асосида амалга ошириб келинмоқда.

Text to speech