1 Апрел 2024 йил 4118

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов бошчилигида Қоракўл туманининг "Солур", "Саёт", "Шўробод" ҳамда "Қоракўл" маҳаллаларида кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бошланди

Бу бордаги чора-тадбирлар дастлаб бажарилиши лозим бўлган ишларни белгилаб олишдан бошланди. Ўтказилган йўриқномада туман сектор раҳбарлари, вилоят 3-сектор штаби аъзолари, тааллуқли ташкилотлар, маҳалладаги “еттилик” вакиллари, кенг жамоатчилик ҳамда ҳудуд фаоллари иштирок этди.

Бугунги кунда бутун дунёда иқлим ўзгариши натижасида экологик вазиятни барқарорлаштириш зарурати пайдо бўлмоқда. Шунинг учун ҳам янги ўн йилликнинг асосий йўналишларидан бири бу атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва кўкаламзорлаштиришдир.

Юртимизда ҳам атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтириш, табиий экотизимларни сақлаш ва тиклаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий этилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ушбу ишларнинг мантиқий давоми бўлмоқда.

Шунга биноан дастлаб, атроф муҳит турли чиқинди ва қуриб қолган ўт ўланлардан тозаланди.

Шундан сўнг “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида туманнинг чўллашган оборотдан чиққан ерларида, автомобиль йўллари ёқалари, кластер ва фермер хўжаликларининг экин ерлари ҳамда дала четлари, ижтимоий соҳа объектлари, хизмат кўрсатиш ташкилотлари, маҳаллалардаги хонадонларнинг ерларига тупроқ ва иқлим шароитига мос келувчи мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.

Тузилган ишчи гуруҳ вакиллари томонидан кўчама-кўча, уйма-уй юриб, бевосита маҳалла фаоллари, оқсоқоллар, кекса нуронийлар, фаоллар билан учрашиб, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар ва маҳаллалардаги ечимини кутаётган ижтимоий-иқтисодий масалалар ўрганилиб, уларни тезкор ва самарали ҳал қилиш бўйича манзилли чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек, маҳаллаларда керакли техника ва ишчи кучи жалб қилиниб, йўлларни текислаш, ариқ-зовурларни тартибга келтириш, ён-атрофни ободонлаштириш каби ишлар ҳам амалга оширилмоқда.

Text to speech