Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида “Ахборот технологиялари ёрдамида содир этилаётган турли жиноий қилмишларнинг усуллари, хусусан фирибгарлик ва ўғрилик жиноятларининг турлари ва уларни фош этиш услублари” мавзусида ўқув-семинар машғулоти ўтказилди
Ходимларнинг билим савияси ва касб маҳоратини ошириш мақсадида ташкил этилган семинарда бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматлар раҳбарлари, ҳудудий ички ишлар органлари раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари иштирок этишди.
Бунда дастлаб, бошқарма бошлиғи ўринбосари полковник Оқил Ҳасанов маъруза қилиб, бу турдаги жиноятларни олдини олиш борасидаги тарғибот тадбирларининг сустлиги, етарли ташвиқот олиб борилмаётганлигини алоҳида таъкидлаб, ушбу соҳада содир этилаётган жиноятларни фош этиш ва тергов ишларини юритишда юзага келаётган муаммолар, йўл қўйилаётган камчиликлар юзасидан сўз юритди.
Шунингдек, ходимларга жиноят ишлари юзасидан ҳақиқатни ва ишни тўғри ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаш, қонуний, асослантирилган ва адолатли қарор қабул қилиш борасидаги масъулиятини ошириш юзасидан топшириқлар берилди.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг ушбу йўналишда фаолият олиб борувчи ходимлари томонидан мавзу доирасида маърузалар қилинди.
Жумладан, замонавий киберхавфларга қарши курашиш, бу соҳада содир этилаётган жиноятларнинг турлари ва уларни фош этиш услублари, киберхавфсизлик соҳасидаги замонавий таҳдидлар, айниқса интернет тармоқлари ёрдамида содир этилган фирибгарлик, шахсий маълумотларни ўғирлаш, молиявий ресурсларни талон-торож қилиш каби жиноятлар ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Шунингдек, ушбу турдаги жиноятларни фош этишда замонавий ахборот тизимлари ва технологиялардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Киберхавфсизлик бўйича халқаро тажриба ва замонавий усуллар ҳақидаги маълумотларни етказиш билан бирга, иштирокчиларга турли вазиятлар бўйича амалий машғулотлар ҳам ўтказилди.
Хусусан, шахсий маълумотлар ҳимоясини таъминлаш, фирибгарликлардан ҳимоя қилиш, киберхавфлар келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилиш ҳамда жиноятчиларни аниқлаш бўйича тренинглар ўтказилди.
Машғулот якунида масъул раҳбар ва ходимларга махсус тавсиялар берилиб, киберхавфларга қарши курашда турли дастурий таъминотлардан фойдаланиш бўйича амалий маслаҳатлар тақдим этилди.
Бундай машғулотлар ички ишлар органлари ходимларининг малакасини янада оширишга, шу орқали киберхавфларга қарши самарали курашиш имкониятларини яратишга хизмат қилади.