Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Вобкент туманининг "Чўрикалон" маҳалласида "Обод ва хавфсиз хонадон" тамойили асосида жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга доир ўрганиш ишларини олиб борди
Бугунги кунда, вилоятда қотиллик, турли даражадаги тан жароҳати билан боғлиқ жиноятлар кўп содир этилмоқда. Айниқса оила ва турмуш доирасида содир этилаётган бу турдаги жиноятлар ҳудудларда маҳалла еттилик вакиллари, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари ҳамда бошқа тааллуқли идоралар масъул ходимларининг ҳамкорликда етарли даражада иш олиб бормаётганидан далолат бермоқда.
Шу боис, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов томонидан вилоятнинг барча маҳаллаларида содир этилган оила турмуш доирасидаги жиноятлар чуқур таҳлил қилиниб, жиноятларнинг содир этилишига олиб келган омиллар, имкон берган шарт-шароитлар ўрганилди ва бугунги кунда судларда низолашаётган, ажрим ёқасига келиб қолган, наркологик ва руҳий асаб касалликлари диспансери рўйхатида турган фуқаролар яшаб келаётган ҳамда низоли оила сифатида профилактик ҳисобга олинган хонадонлар рўйхати шакллантирилиб, уларнинг мавжуд муаммоларини, низолари сабаб ва оқибатларини бартараф этиш бўйича алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Мазкур режага мувофиқ бугун, бошқарма бошлиғи Вобкент туманида бўлиб, туманнинг "Чўрикалон" маҳалласида истиқомат қилувчи Н.О. хонадонига ташриф буюрди.
Хонадон соҳиби 1962 йилда туғилган фуқаро, спиртли ичимлик истеъмол қилишга ружу қўйган шахс сифатида, 1981 йилда туғилган П.С. билан ажрим ёқасига келган низоли оила сифатида туман Ички ишлар бўлимининг профилактик ҳисобига олинган.
Ушбу хонадонда келгусида оила турмуш доирасида оғир ва ўта оғир жиноят содир этилиши мумкин бўлган жой сифатида алоҳида назоратга олинган.
Мазкур оиладаги муаммолар ва низонинг сабабларини аниқлаш учун хонадонга борган Икромжон Турсунов, туман ҳокими бошчилигидаги ҳудудий сектор раҳбарлари, мутасадди идоралар масъуллари, маҳалла еттилик вакиллари ҳамда фоллар иштирокида жойида ўрганиш ишларини олиб борди.
Ўрганиш давомида, оилада мавжуд барча муаммолар, эр ва хотин ҳамда фарзандлар ўртасидаги низонинг туб сабаблари чуқур таҳлил қилинди.
Бошқарма бошлиғи томонидан мутасадди идоралар вакиллари, маҳалла фаолларининг таклиф ва тавсиялари эътиборга олиниб, мазкур оилани "Обоб ва хавфсиз хонадон" тамойили асосида ижобий томонга ўзгартириш, муаммоларини бартараф этиш, низонинг ечимига доир масъулларга аниқ ва манзилли топшириқлар берилди.
Бу каби ўрганишлар келгусида содир этилиши мумкин бўлган қотиллик ва турли даражадаги тан жароҳати билан боғлиқ оила турмуш доирасидаги жиноятларни олдини олишда ижобий самара беради, албатта.
Шу сабабли, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга доир бундай ўрганишлар вилоятнинг барча маҳаллаларида белгилаб олинган контингент ва режа асосида босқичма-босқич давом эттирилади.