15 Июл 2024 йил 1376

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Ромитан ҳамда Пешку туманлари ички ишлар органлари томонидан жорий йилнинг ярим йилида амалга оширилган иш натижаларини танқидий муҳокама қилди

Аввал хабар берганимиздек, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов шаҳар ва туманларга бориб, ҳудудий ички ишлар органларининг 6 ойлик иш натижаларини муҳокама қилиб келмоқда.

Бугун ҳам тасдиқланган режа асосида Ромитан ҳамда Пешку туманлари Ички ишлар бўлимларида бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари ва бошқа масъул раҳбарлар билан биргаликда, мазкур туманлар ҳудудий ички ишлар органларининг бошлиқлари ҳамда барча шахсий таркиби иштирокида жорий йилнинг олти ойи давомида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва келгусида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар муҳокамасига бағишланган тезкор йиғилишлар ўтказилди.

Муҳокамаларда ушбу туманларда ҳисобот даврида содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаб ва омиллари, келгусида "маҳаллабай" тизим асосида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, шахсий таркиб ўртасида ижро ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилиш билан боғлиқ салбий ҳолатларни олдини олиш борасида ушбу туманларда йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар бирма бир таҳлил қилинди.

Танқидий ва таҳлилий тарзда ўтган муҳокама йиғилишларида ҳар бир масала юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, ушбу туманларга масъул этиб бириктирилган соҳавий хизмат раҳбарлари, ҳудудий ички ишлар органлари бошлиқлари ва бошқа мутасаддиларнинг ярим йиллик иш натижалари бирма-бир кўриб чиқилиб, камчиликларга йўл қўйган раҳбарлар ва масъул ходимларга нисбатан интизомий таъсир чораларни қўллаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Бошқарма бошлиғи Ромитан ҳамда Пешку туманларида келгуси 3-чорак давомида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан ишлаб чиқилган йўл хариталарининг манзилли ижросини таъминлаш, айниқса қизил тоифали маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида олиб борилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни жадаллаштириш, бундан ташқари, шахсий таркиб ўртасида ижро ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш, қонунийликка риоя қилиш, бунда ўрта бўғин раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш борасида ўзининг бир қатор тавсия, кўрсатма ва топшириқларини берди.

Берилган топшириқларнинг ижроси эса алоҳида назоратга олинди.

Бу каби муҳокама йиғилишлари тасдиқланган график асосида бошқа ҳудудий ички ишлар органларида ҳам навбати билан ўтказилади.

Text to speech