Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида бир неча масалаларга бағишланган навбатдаги кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилди
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасида жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлашга қаратилган бир қатор масалалар муҳокамасига бағишланган кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясини хор бўлиб ижро этишдан бошланган йиғилишда вилоят студияси орқали Бухоро вилояти ҳокими, вилоят прокурори, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоятда фаолият юритаётган барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, соҳавий ва тармоқ хизматлар раҳбарлари, вилоятдаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Идоралараро мувофиқлаштирувчи Кенгаш ҳамда ИИБ ҳузуридаги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Идоралараро комиссияга аъзо органларнинг мутасаддилари иштирок этди.
Туман ва шаҳар студиялари орқали эса барча туман ва шаҳар ҳокимлари, прокурорлари, ИИБ бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари, шунингдек, юқоридаги Кенгаш ҳамда Идоралараро комиссиянинг ҳудудий даражадаги идоралари раҳбарлари ва масъул мутахассислари жалб этилди.
Бунда қуйидаги масалалар, жумладан:
-вилоятда жиноятчиликка қарши кураш, мавжуд муаммолар, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жиноятларни фош этиш борасида амалга оширилган ишлар аҳволи ва галдаги устувор вазифалар.
-Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январь кунидаги “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар.
-назоратсиз ва қаровсиз қолган вояга етмаганларни аниқлаш ва уларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тартибини такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар.
-вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича Идоралараро комиссиясининг фаолияти натижалари.
-Бухоро тажрибаси асосида маҳаллаларда (Бухоро шаҳрининг "Сифатмўний", Ғиждувон туманининг "Шарқ", Когон тумани "Ўзбекистон", Когон шаҳар "Беруний", Қоракўл тумани "Қорахожи" маҳаллаларида) содир этилган оғир ва ўта оғир жиноятларнинг муҳокамаси танқидий муҳокама қилинди.
Йиғилиш давомида ҳар бир масала юзасидан мутасадди идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди. Ҳисоботлар танқидий руҳда таҳлил қилиниб, йўл қўйилган камчиликлар, самарасиз фаолият ва масъулиятсизлик ҳолатлари очиқчасига муҳокама этилди.
Айниқса, профилактика ишларида сусткашликка йўл қўйган, жиноятларнинг олдини олишда керакли тизимли ёндашувни таъминламаган раҳбарлар фаолияти кескин танқид қилинди. Бундай ҳолатларга йўл қўйган идора ва мутасаддиларга нисбатан таъсирчан ташкилий ва интизомий чоралар кўриш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Шу билан бирга, ҳар бир масала бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Уларнинг ижроси ва натижаси мутасадди раҳбарларнинг шахсий жавобгарлиги асосида назоратга олинди.
Йиғилиш якунида хизмат бурчини виждонан адо этиб, ички ишлар тизимида юқори натижаларга эришган, фидокорона фаолият юритиб келаётган бир гуруҳ ходимлар тантанали равишда рағбатлантирилди. Уларнинг зиммасидаги масъулиятли вазифаларни намунавий бажараётгани алоҳида эътироф этилди ва ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Уларга билдирилган чуқур миннатдорлик сўзлари орқали ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти юксак қадрланди.