24 Сентябр 2024 йил 1445

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов томонидан вилоят 3-секторига қарашли Ғиждувон тумани маҳаллаларидаги камбағал оилаларга бириктирилган вилоят ҳамда туман мутасадди раҳбарлари иштирокида ўқув амалий семинари ўтказилди

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 23 сентябрь куни Президентимиз томонидан “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида” ги ПФ-143-сонли Фармони ҳамда ““Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-330-сонли Қарори имзоланиб, куни кеча ўтказилган видеоселектор йиғилишида вазирлик ва идоралар, ҳудудий ҳокимликлар ва бошқа тааллуқли идоралар раҳбарларига бир қатор топшириқлар берилди.

Бугун эрта тонгдан Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник 
Икромжон Турсунов Ғиждувон тумани ҳокимлиги мажлислар залида мазкур туман маҳаллалари ҳамда ушбу маҳаллалардаги камбағал оилаларга бириктирилган вилоят ҳамда туман мутасадди раҳбарлари иштирокида юқоридаги Фармон ҳамда Қарорнинг мазмун моҳиятини, уларнинг ижро этилиши билан боғлиқ масъул раҳбарларнинг кундалик иш фаолиятини, энг оғир аҳволдаги маҳаллаларнинг инфратузилмасини яхшилаш ҳамда оғир турмуш тарзига, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож камбағал оилаларнинг турмуш тарзини ўзгартириш ва уларни камбағалликдан чиқаришга доир белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашнинг механизмини тушунтириш мақсадида ўқув амалий семинарини ўтказди.

Семинарда, вилоят 3-сектор раҳбари томонидан аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг ҳамда барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланганлиги, камбағалликни қисқартириш соҳасида эришилган ижобий натижалар ва тўпланган миллий тажриба ҳамда илғор халқаро амалиёт асосида ҳар бир фуқарони ўзи ва фарзандлари келажаги учун масъулият билан ёндашишга ундайдиган ва салоҳиятини рўёбга чиқариш учун имконият яратишга қаратилган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга ошириладиган манзилли ишлар бирма-бир тушунтириб берилди.

“ Маълумот ўрнида, мазкур дастурга кўра 2024 йилнинг 1 ноябрь кунидан бошлаб қуйидагиларни назарда тутувчи “Камбағал оилалар учун еттита имконият ва масъулият” тамойили асосида чора-тадбирлар амалга оширилади:

Жумладан, барқарор бандлик ва юқори даромад топишга эришиш, таълим олиш ва касб-ҳунар ўрганиш, кафолатланган давлат тиббий хизматидан фойдаланиш, ижтимоий хизматлардан фойдаланиш, яшаш шароитларини яхшилаш, давлат томонидан маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш, давлат органлари ходимлари билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш. “

Бошқарма бошлиғи ўз сўзида ҳар бир раҳбардан ушбу Фармон ва Қарорнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўқиб ўзлаштириши, унда белгилаб берилган кенг кўламли вазифаларни бажаришда чин виждон, ватанпарварлик ва катта масъулиятни ҳис қилган ҳолда Шофиркон туманининг “Доригар” маҳалласи мисолида ўзларига бириктириб берилган маҳалла еттилиги, қишлоқ ва кўча вакиллари, нуроний оқсоқоллар, оқила аёллар кенгаши аъзолари, маҳалла имоми ва отинойилари, патронаж ҳамширалар ва маҳалланинг обрў эътиборга эга фаоллари билан учрашиб, ҳудуддаги энг оғир ижтимоий аҳволдаги, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож, камбағал оилаларнинг реал ҳисобини шакллантириши, ундан кейин ҳар бир шу тоифа оилалар билан манзилли ишлаш бўйича индивидуал режа ишлаб чиқиб, муддатлари аниқ белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишлари зарурлигини айтиб, мазкур дастур ижросини умуммиллий ҳаракатга айлантириш лозимлигини таъкидлади.

Шу куннинг ўзида Ғиждувон тумани ҳокимлиги биносида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурининг ижросини таъминлаш, маҳаллаларга бириктирилган мутасадди раҳбарларнинг кундалик иш фаолиятини назорат қилиш ҳамда мониторингини юритиш мақсадида тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилиб, вилоят ҳамда туманнинг тегишли ташкилот ва муассасалари масъулларидан иборат ишчи гуруҳ ўз ишини бошлади.

Бу каби, ўқув амалий семинарлари вилоят 3-секторига қарашли бошқа туманларда ҳам давом эттирилади.

Text to speech