21 Сентябр 2024 йил 584

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида матбуот анжумани ўтказилди

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасида бугун, 21 сентябрь куни вилоятда миграция ва фуқаролик масалалари ҳамда бу борада жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ечими юзасидан амалга оширилаётган ишлар, уларнинг натижалари ҳамда галдаги вазифалар, соҳага тааллуқли муаммоли саволларга ойдинлик киритиш ҳамда тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлашга қаратилган навбатдаги матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжуманини бошқарма Ахборот хизмати бошлиғи подполковник Шухрат Жалолов очиб бериб, иштирокчиларни кун тартиби билан таништирди.

Шундан сўнг, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи подполковник Ботир Саттаров анжуман кун тартибидаги масала бўйича батафсил маълумот берди.

Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан соҳага оид чиқарилган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ички ишлар органларининг миграция жараёнлари ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар , соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш, янги инновацион лойиҳаларни жорий этиш, хорижий давлатлар стандартлари асосида шахсни идентификацияловчи ID-карталари берилиши тартиблари хусусида маълумотлар тақдим этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш жойига бориб, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг “Маъмурий регламенти” жорий этилганлиги, унга кўра ходим томонидан мурожаат этувчининг яшаш жойига хизмат автотранспорт воситасида етиб борилиши ва планшет ёки компьютерга ўрнатилган техник қурилмалар ёрдамида сайёр давлат хизматларини кўрсатилиши ҳам айтиб ўтилди.

Матбуот анжумани якунида ОАВ вакиллари Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишишди.

Таклиф ва мулоҳазаларга бой ўтган матбуот анжуманида иштирок этган ОАВ вакиллари, журналист ва мустақил блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олишди.

Text to speech