2 Июл 2024 йил 1430

Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Ғиждувон туманининг "Кўлижаббор" маҳалласида "Обод хонадон", "Обод кўча" ва "Обод маҳалла" дастури доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди

Айни кунларда Ички ишлар бошқармаси бошлиғига бириктирилган "Кўлижаббор" маҳалласида алоҳида дастур ва йўл харитаси асосида кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, ҳозирда якуний босқичга етиб келган.

Бугун, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов "Кўлижаббор" маҳалласида бўлиб, туман сектор раҳбарлари, тааллуқли масъуллар ҳамда маҳалла еттилиги ҳамроҳлигида ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли қурилиш, таъмирлаш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларининг бориши, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан ўрганишлар олиб борди.

Бошқарма бошлиғи дастлаб, маҳаллада ташкил этилган вилоят 3-сектор штабида масъуллар билан амалга оширилаётган ишларни бирма-бир муҳокама қилди.

Шундан сўнг, маҳалладаги 52-сон умумий ўрта таълим мактаб ҳудудида барпо этилаётган спорт майдони, йўл ҳаракати хавфсизлиги машғулотларини ўтказиш учун мўлжалланган машқ майдончасида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишди.

Кейинги манзил ҳудуддаги 45-сон мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Бу ерда ҳам масъулларга муассаса фаолиятини яхшилаш, болажонлар учун муносиб шарт-шароитларни яратиб бериш, бўш ер майдонларидан унумли фойдаланиш юзасидан бир қатор тавсиялар берилди.

Шунингдек, янгидан барпо этилаётган маҳалла биносида олиб борилаётган сўнгги пардозлаш, тозалаш ва ободонлаштириш ишлари ҳам кўздан кечирилди.

Ўрганишлар якунида коммуникация тармоқлари, инфратузилма ҳолатини яхшилаш, электр таъминоти, ичимлик суви билан таъминлаш даражасини яхшилаш борасида масъулларга аниқ ва манзилли топшириқлар берилди.

Бу каби ўрганишлар давом эттирилмоқда.

Text to speech