30 Август 2025 йил 442

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Эксперт-криминалистика хизмати ва унинг қуйи тизимлари ходимлари ўртасида “Энг яхши эксперт-криминалист” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди

Кўрик танловда ходимлар 3 босқичда синовлардан ўтказилди. Дастлаб иштирокчилардан билим даражасини аниқлашга қаратилган тест синовлари қабул қилинди.

Иккинчи босқичда ходимларнинг «Калашников» автомати ва «Макаров» пистолетини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ҳамда йиғишга доир маҳоратлари синовдан ўтказилди.

Шундан сўнг, иштирокчилар билан ўтказилган суҳбат асносида эксперт-криминалистика фаолиятига оид эксперт-криминалистнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, хизматга оид меъёрий ҳужжатлар, соҳавий хизматлар билан ўзаро ҳамкорлиги, тергов-тезкор гуруҳи таркибидаги вазифалари, фаолияти давомида эришган ижобий натижалари ва ютуқлари ҳамда криминалистика соҳасида эгаллаган махсус билимлари ва амалий кўникмалари ишчи гуруҳ аъзолари томонидан баҳоланди.

Муросасиз ўтган баҳсларда Бухоро вилояти ИИБ Эксперт-криминалистика маркази катта эксперти капитан Шохзод Исломов учинчи ўрин, Шофиркон туман ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти капитан Ферузжон Низомов иккинчи ўрин ҳамда Бухоро вилояти ИИБ эксперт-криминалистика маркази Биометрик идентификация қилиш гуруҳи бош эксперти подполковник Бунёд Ҳамроев фахрли биринчи ўринни эгаллаб, кўрик танловнинг республика босқичига қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Ўтказиладиган бу каби кўрик танловлар ходимлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш ва қўллаб-қувватлаш ҳамда хизматда юқори натижаларга эришган ходимларни муносиб рағбатлантириш учун хизмат қилади.

 

Text to speech