8 Ноябр 2024 йил 2343

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Когон туманининг Наврўз маҳалласи аҳолиси муаммолари ечимига бағишланган сайёр қабул ўтказди

Расмий саҳифаларимизни кузатиб бораётган бўлсангиз, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов аҳоли билан доимий мулоқот қилиб, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни аҳолига етказиш борасида бевосита жойларга чиқиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб келмоқда.

Бугун ҳам бошқарма бошлиғи Когон туманининг “Наврўз” маҳалласида аҳоли мурожаатларини тинглади.

Солиқ бошқармаси бошлиғи Дилшод Юлдашев, вилоят 3-сектор штаби аъзолари, туман сектор раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирокида ўтказилган юзма-юз очиқ мулоқотда 10 дан ортиқ фуқароларнинг 15 га яқин турли масалалардаги мурожаатлари бирма бир кўриб чиқилди.

Жараёнда асосан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун амалий ёрдам, ички йўлларни таъмирлаш, эскирган электр симёғочларни таъмирлаш, яроқсиз ҳолатга келиб қолганларини янгилаш, суюлтирилган газ таъминоти графигини яқинлаштириш, яроқсиз ҳолатга келиб қолган табиий газ қувурларини янгилаш каби масалалар кўтарилди.

Мурожаатларнинг 4 таси шу куннинг ўзида ечим топган бўлса, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун юритувга олинган мурожаатлар юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Жараёнда, 30 йилдан буён фуқаролиги бўлмаган Равиля Абжалимовага Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинганлиги ҳамда Найимова Ферузага 16 ёшга тўлганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг ID - картаси тантанали топширилди.

Шунингдек, аҳоли билан мулоқотда билдирилган таклифлар, кўтарилган муаммолар асосида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, маҳаллаларда янги иш ўринларини яратиш, асосан «Темир», «Ёшлар» ва «Аёллар» дафтарларига кирган, ишсиз фуқароларни доимий иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Бу каби сайёр қабуллар вилоятимизнинг 3-секторига қарашли Ғиждувон, Шофиркон ва Вобкент туманларининг барча ҳудудларида, бундан ташқари, қолган шаҳар ва туманларнинг 3-секторларига қарашли маҳаллаларида тасдиқланган график асосида ўтказиб борилади.

Text to speech