8 Август 2024 йил 2067

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов Қоровулбозор тумани Ички ишлар бўлими шахсий таркиби билан хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида муҳокама йиғилиши ўтказди

Туман ҳокими ва бошқа сектор раҳбарлари иштирокида ўтказилган муҳокама йиғилишида бошқарма бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов томонидан Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан туман ИИБ бошлиғи лавозимига янги тайинланган подполковник Жумаев Алимардон Ашрапович таништирилиб, унинг кейинги хизмат фаолиятига оид устивор вазифаларни белгилаб берди.

Ҳудудий сектор раҳбарлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва кенг жамоатчилик билан биргаликда, туманда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасидаги манзилли ишларни изчиллик билан давом эттириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Жараёнда, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, ходимлар томонидан содир этилиши мумкин бўлган турли коррупциоген ҳолатларни олдини олиш, мурожаатлар билан ишлашда сансоларликка йўл қўймаслик, таъмагирлик ва бошқа шунга ўхшаш салбий ҳолатларни олдини олиш борасида сўз юритилиб, ходимлар ўртасида хизмат интизоми ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга доир амалга оширилиши лозим бўлган манзилли чора-тадбирлар ҳам белгилаб олинди.

Жумладан, ички ишлар органларида кадрлар сиёсатини тўғри ва адолатли олиб бориш, тизимни халқчил тузилмага, фуқароларнинг чинакам ҳимоячисига айлантириш, ходимларни Ватанга ва касбига садоқат руҳида тарбиялаш, тараққиётнинг энг асосий тўсиқларидан бири бўлган коррупция балосига қарши кескин ва аёвсиз кураш олиб бориш лозимлиги қайд этилди.

Бу каби муҳокама йиғилишларининг тизимли олиб борилиши, хизмат вазифаларини бажаришга масъулиятсизлик билан ёндашган, ижро ва хизмат интизоми ҳамда қонунчилик талабларини бузган ҳар қандай тоифадаги масъул раҳбар ва ходимларга нисбатан кескин таъсир чоралари қўлланилиши қатъий белгиланди.

Text to speech