Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов Когон тумани Ички ишлар бўлимида ҳам муҳокама йиғилишини ўтказди
Расмий саҳифаларимиз орқали кузатиб бораётган бўлсангиз, хабар бериб бораётганимиздек, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳудудий ички ишлар органларига бориб, шахсий таркиб ўртасида ижро ва хизмат интизоми ҳамда қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида муҳокама йиғилишларини ўтказиб бормоқда.
Бошқарма бошлиғининг навбатдаги манзили Когон тумани Ички ишлар бўлими бўлди.
Бу ерда ушбу туман ҳокими, ҳудудий сектор раҳбарлари ва ҳуқуқни тартибот органлари масъуллари, туман ички ишлар бўлими шахсий таркиби иштирок этди.
Муҳокама йиғилишини олиб борган бошқарма бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов, Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан туман Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига янги тайинланган подполковник Зафар Давроновнинг фаолият йўли билан иштирокчиларни таништириб, унинг хизмат фаолиятига оид келгусидаги долзарб вазифаларни белгилаб берди.
Президентимизнинг тегишли қарори билан ташкил этилган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича туман идоралараро комиссиясига аъзо субъектлар билан ҳамкорликда, туманда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасидаги манзилли ишларни изчиллик билан ташкил этиш, ҳар бир субъектнинг алоҳида вазифаларини айтиб ўтиб, галдаги қатор масалаларга доир кўрсатма ва топшириқларини берди.
Шунингдек, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупциоген ҳолатларни олдини олиш, мурожаатлар билан ишлашга энг муҳим вазифа сифатида қараб, алоҳида назоратга олиш, таъмагирлик ва бошқа шунга ўхшаш салбий ҳолатларга қарши муросасиз бўлишни қатъий таъкидлади.
Республикамиз ички ишлар органларида кадрларни танлаш, жой жойига қўйиш, узлуксиз ўқитиш тизими, раҳбар кадрларнинг заҳирасини яратиш, бу жараёнда тўғри ва адолатли фаолият олиб бориш, тизимни халқчил тузилмага, фуқароларнинг чинакам ҳимоячисига айлантириш, ходимларни Ватанга ва касбига садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида ҳам айтиб ўтди.
Муҳокама йиғилишлари давом этмоқда.