Бухоро вилояти Ички ишлар органларида “Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи” кўрик танлови ўтказилди
Бухоро вилоятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 август кунида қабул қилинган “Ички ишлар органларида энг яхши ходимларни аниқлаш бўйича республика танловини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 539-сон қарорига мувофиқ, ҳар йилда ўтказиладиган “Энг яхши ҳудудий ички ишлар органи бошлиғи” кўрик танловининг вилоят босқичи ташкил этилди.
Кўрик танлови, юртимиздаги ички ишлар органлари ходимларининг жисмоний, жанговар, касбий ва ахлоқий тайёргарлик даражаларини ошириш, хизмат интизомини мустаҳкамлаш, ҳамда соғлом рақобат муҳитини яратиш мақсадида ўтказилмоқда. Ушбу танловда ходимлар фақат ўз касбий маҳоратлари, балки жисмоний ҳолатлари ва хизмат интизомини ҳам намоён қилиб, ўз билим ва кўникмаларини синаб кўришади.
Кўрик танлов 5 та босқичдан Тўсиндан тортилиш, 100 метрга югуриш, Макаров пистолетини тўлиқ қисмларга ажратиш ва йиғиш, Макаров пистолетидан 50 метр масофага отиш, Тест синовлари яъни касбий билимларнинг ўзлаштирилганлиги ва ҳуқуқий тушунчаларни баҳолашдан иборат бўлди.
Ушбу босқичлар иштирокчилардан юқори даражадаги жисмоний ва касбий тайёргарликни талаб этди. Бошқа томондан, ҳар бир босқич уларнинг вазифаларга ёндошиш стратегиясини, назарий билимларини ва амалий қобилиятларини синаб кўришга ёрдам берди.
Танловда энг яхши натижа кўрсатган иштирокчилар қуйидаги тартибдаги ўринларга эга бўлишди: 3-ўрин Когон тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи Зафар Давронов 2-ўринни Жондор тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник Абдухалил Носиров эгаллаган бўлса 1-ўринни Олот тумани Ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник Жамшид Тангриев қўлга киритди.
Кўрик танлови натижалари орқали ҳар бир ходим ўзининг кучи ва қобилиятларини намоён этиб, жамоа ишини янада яхшилашга ҳисса қўшиши мумкин. Бу, ўз навбатида, аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш, қонунийликни тарғиб қилиш ва ички ишлар органларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилади.