Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Ғиждувон туманининг Пахтаобод маҳалласида сайёр қабул ўтказди
Бугунги кунда аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизми эканлиги ўз исботини топди десак муболаға бўлмайди. Марказдан тортиб олис қишлоғу овулларгача етиб борган раҳбарлар юртдошларимизнинг йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларини аниқлаб, жойида бартараф этмоқдалар.
Худди шу мақсадда, Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бухоро вилоятидаги Халқ қабулхонаси ҳамда вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланган график асосида ҳудудларда бўлиб, бевосита аҳолининг мавжуд муаммоларини ўрганиш, уларни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида сайёр қабуллар ўтказмоқда.
Навбатдаги сайёр қабул Ғиждувон туманининг Пахтаобод маҳалласида ўтказилди.
Ўтказилган сайёр қабулда Халқ қабулхонасининг Ғиждувон тумани бўйича вакиллари, вилоят 3-сектор штаби аъзолари, туман сектор раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирок этишди.
Қабул давомида 15 нафар фуқароларнинг 20 га яқин турли масалалардаги мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Жумладан, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам, тадбиркорликни кенгайтиришда амалий ёрдам бериш, субсидия асосида тикув машинаси олишда кўмаклашиш, олий таълим муассасасининг тўлов контракти учун таълим кредити ажратиш борасидаги масалалар кўтарилди.
Мурожаатларнинг аксарияти шу куннинг ўзида ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун муддат талаб қилган мурожаатлар юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгиланди.
Албатта, бу каби сайёр қабулларни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳалқ билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш, аввало инсон ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш орқали халқимизнинг фаровон, бахтли ҳаёт кечириши учун муносиб шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.