Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсуновнинг шахсий таркиб ўртасида ижро ва хизмат интизомини ҳамда қонунийликни мустаҳкамлашга доир навбатдаги муҳокама йиғилиши Жондор туман ИИБ да ўтказилди
Бугун, жорий йилнинг 8 август куни ушбу туманнинг ҳокими бошчилигидаги сектор раҳбарлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари иштирокида бўлиб ўтган муҳокама йиғилишини бошқарма бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов олиб бориб, Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан туман Ички ишлар бўлими бошлиғи лавозимига янги тайинланган подполковник Абдухалил Носировни таништириб, унинг хизмат фаолиятига муваффақият тилаган ҳолда, келгусидаги бирламчи ҳамда долзарб вазифаларини белгилаб берди.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича туман идоралараро комиссиясига аъзо субъектлар билан ҳамкорликда, туманда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасидаги манзилли ишларни ташкиллаштириш масалаларида ўзининг бир қатор таклиф ҳамда тавсияларини берди.
Жараёнда, шахсий таркиб ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, коррупциоген ҳолатларни олдини олиш, мурожаатлар билан ишлашни алоҳида назоратга олиш, таъмагирлик ва бошқа шунга ўхшаш салбий ҳолатларга қарши кескин курашиш борасида ҳам сўз юритди.
Бугунги кунда ички ишлар органларида кадрларни танлаш, жой жойига қўйиш, узлуксиз ўқитиш, раҳбар кадрларнинг заҳирасини яратиш, бу жараёнда тўғри ва адолатли фаолият олиб бориш, тизимни халқчил тузилмага, фуқароларнинг чинакам ҳимоячисига айлантириш, ходимларни Ватанга ва касбига садоқат руҳида тарбиялаш мақсадида амалга оширилаётган ислоҳотлар хусусида ҳам батафсил маълумотлар берилди.
Бу каби муҳокама йиғилишлари давом эттирилади.