Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов олис Қоровулбозор туманининг чекка маҳалласи "Жарқоқ"да сайёр қабул ўтказди
Давлатимиз раҳбари томонидан амалиётга татбиқ этилган аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизми бугун юртдошларимизнинг йиллар давомида қийнаб келган муаммолари ечимига хизмат қилмоқда.
Хабарингиз бор, Бухоро вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳам худди шу мақсадда марказдан тортиб олис қишлоғу овулларда бўлиб, бевосита аҳолининг мавжуд муаммоларини ўрганиш, уларни тезкорлик билан бартараф этишга қаратилган юзма-юз мулоқотлар ўтказмоқда.
Бошқарма бошлиғи бошчилигида навбатдаги сайёр қабул Қоровулбозор тумани марказидан 25 км. узоқликда жойлашган "Жарқоқ" маҳалласи аҳолиси билан ўтказилди.
Вилоят 3-сектор штаби аъзолари, туман сектор раҳбарлари, Халқ қабулхонаси, тегишли ташкилот ва идоралар масъуллари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда, 10 дан ортиқ фуқароларнинг 15 га яқин турли масалалардаги мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
Жумладан, ички йўлларни шағаллаштириш, суюлтирилган газ таъминотини яхшилаш, иш билан таъминлаш, моддий ёрдам, тадбиркорликни кенгайтиришда амалий ёрдам бериш, субсидия асосида тикув машинаси олишда кўмаклашиш масалалари кўтарилди.
Жараёнда мурожаатларнинг ечимига алоҳида эътибор қаратилиб, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун муддат талаб қилинганлари юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, мутасаддиларга зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, 16 ёшга тўлганлиги муносабати билан биринчи маротаба фуқаролик паспорти оладиган 4 нафар ёшларга Ўзбекистон Республикасининг ID - карталари тантанали топширилди.
Қабулдан сўнг бошқарма бошлиғи туман мутасадди раҳбарлари ҳамда маҳалла "еттилиги" билан суҳбатлашди.
Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли мурожаатларига ечим топиш, ишсиз фуқароларни мавсумий ҳамда ўзини ўзи банд қилиш билан боғлиқ ишларга жалб этиш, касб-ҳунарга ҳамда тадбиркорликка ўргатиш орқали уларнинг даромадларини ошириш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида ўзининг тегишли кўрсатма ва тавсияларини берди.
Бундан ташқари масъуллар билан биргаликда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилаётган "Жарқоқ" маҳалла боғига дарахт кўчатларини ўтқазди.
Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Қоровулбозор туманига қилган ташрифи давомида, 17-сон жазони ижро этиш колониясида ҳам бўлди.
Бу ерда муассасанинг қўриқланиши, хавфсизликнинг таъминланганлиги, ҳудудий ички ишлар бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан узвий алоқаларнинг ўрнатилганлиги, хизматни ташкил этиш билан боғлиқ ҳамкорликдаги режалар бўйича муассаса ходимларининг эгаллаган кўникмаларини кўздан кечириб, муассасада жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар учун яратилган шароитларни ўрганди. Мурожаат қилган маҳкумларнинг муаммолари ҳам бирма-бир кўриб чиқилди.
Бу каби шахсий ҳамда сайёр қабуллар келгусида тасдиқланган график асосида барча ҳудудларда ўтказилади.