Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Миржамол Миралимов "Хавфсиз ва обод маҳалла" тамойили асосида Бухоро шаҳрининг Баҳовуддин Нақшбанд маҳалласида амалга оширилаётган ишларни ўрганди
Бугун, 5 март куни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноятчиликни жиловлаш, ҳудудларда аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, уларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш, шунингдек, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ободонлаштириш борасидаги ишлар билан танишиш мақсадида Бухоро шаҳрининг Баҳовуддин Нақшбанд маҳалласида бўлди.
Бунда, аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш билан бирга, жараёнда аниқланган масалаларни бартараф этиш, амалга ошириладиган чора-тадбирлар бўйича маҳалланинг “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, бундан ташқари, “маҳалла еттилиги” аъзоларининг қонунчиликда белгиланган вазифалари асосида кунлик, ҳафталик, ойлик ҳамда чокарлик иш режалари борасидаги ишлари муҳокама қилинди.
Бошқарма бошлиғи жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, аҳоли муаммоларни ўрганиб, бартараф қилиш чораларини кўриш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, шу билан бир қаторда, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосидаги қўшма Қарор бўйича ишларни кучайтириш лозимлиги борасида сектор раҳбарлари ва маҳалла "еттилик" вакилларига бир қатор топшириқлар берди.
Шунингдек, айниқса хотин-қизлар, ёшлар ва вояга етмаганлар орасида жиноятчиликнинг олдини олиш, “ижтимоий профилактика”ни амалга ошириш, “низоли оилалар” билан ишлаш, уларнинг фарзандларини ижтимоийлашувини таъминлаш, таълим муассасалари билан ҳамкорликда назорат тизимини ташкил этиш масалалари бўйича кўрсатмалар берилди.