Бухоро вилояти ИИБ бошлиғининг ташаббуси билан Шофиркон туманида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди
Бугун эрта тонгдан туманнинг 5 та маҳалласи, жумладан, Хорун, Паттахон, Мингчинор, Қўрғон Вардонзе ҳамда Шароф Рашидов маҳаллаларида кенг кўламли ҳамда манзилли ишларга старт берилди.
Дастлаб, туман марказий футбол ўйингоҳи олд майдонида бошқарма бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳамда ИИВ ЖХД бошлиғининг ўринбосари Пробация хизмати бошлиғи полковник Шароф Ураловлар томонидан тадбирга жалб этилган куч воситалар иштирокида кенгайтирилган йўриқнома ўтказилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.
Ушбу маҳаллаларда соат 08:00 дан бошлаб бир вақтнинг ўзида қуйидаги тадбирлар бошлаб юборилди, жумладан:
- маҳалладаги ҳамда аҳолининг мавжуд муаммолари ва мурожаатларини ҳал қилишга қаратилган сайёр қабул;
- озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилган ярмаркаси;
- туманда фаолият олиб бораётган корхона, ташкилот ҳамда муассасаларда, айниқса мазкур маҳаллаларга ёндош тадбиркорлик субъектларида мавжуд бўш иш ўринлари бўйича меҳнат ярмаркаси;
- вилоят ҳамда туман соғлиқни сақлаш муассасаларининг малакали ходимлари томонидан чуқурлаштирилган тиббий кўрик;
- "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида манзарали ва мевали дарахт кўчатларини экиш;
- маҳаллаларда истиқомат қилаётган ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, улар онгида Она Ватанга муҳаббат туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида вилоят ички ишлар органлари тасарруфидаги махсус техникалар ва қурол-яроқларнинг кўргазмали намойиши;
- аҳолига байрам кайфиятини улашиш мақсадида туман ҳокимлиги Маданият бўлимининг хушовоз хонандалари иштирокида кўнгилочар концерт дастурлари ҳам ташкил этилди.
Шунингдек, “3 декабрь -Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи бошчилигидаги мутахассислар томонидан ушбу маҳаллаларда истиқомат қилувчи 18 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар хонадонларига уйма-уй борилиб, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди ва зарурий муолажалар қилиниб, дори-дармонлар тарқатилди.
Бу каби кенг кўламли чора тадбирлар аҳолининг мавжуд муаммоларига ечим топиш, уларнинг фаровон турмуш тарзини таъминлашга хизмат қилади.