Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Миржамол Миралимов Вобкент туманининг "Шакаркент" ҳамда "Латифсовунгар" маҳаллаларида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларига ечим топиш, ҳудудни ободонлаштириш юзасидан ўрганишлар олиб борди
Хабарингиз бор, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов ҳудудларда бўлиб, аҳоли билан бевосита учрашувлар ўтказиб, уларнинг муаммоларига ечим изламоқда.
Бугун, 13 март куни бошқарма бошлиғи бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан вилоят 3 сектор ҳудудига қарашли Вобкент туманида ўрганишлар олиб борилди.
Жараёнда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида йўллар ёқалари, дала четлари, хонадонларнинг томорқаларига тупроқ ва иқлим шароитига мос келувчи мевали ҳамда манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиш, йўлларни текислаш, ариқ-зовурларни тартибга келтириш, ён-атрофни ободонлаштириш каби ишларни амалга ошириш юзасидан масъулларга манзилли, аниқ топшириқлар берди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси президентининг жорий йил 12 март кунида ўтказган селектор йиғилишида аҳоли даромадларини ошириш борасида маҳаллада, айниқса кам даромадли, ишсиз қатламнинг ўзини ўзи банд қилиши орқали, "Бир жон бошига бир миллион даромад" шиори остида йўлга қўйилаётган фаолият турлари ҳам кўздан кечирилди.
Вобкент тумани "Латифсобунгар" маҳалласида яшовчи селекционер Абдурасул Шоназаров 4 йилдан буён зотли қўйларни етиштириб, ҳозирги вақтда 80 га яқин "Арашан" зотли қўйларни парвариш қилиб келмоқда.
ИИБ бошлиғи полковник Миржамол Миралимов, туман сектор раҳбарлари ушбу хонадонда бўлиб Абдурасул Шоназаров билан суҳбатда бўлишди. Унинг муаммоларини эшитилиб, ҳал этиш чоралари кўрилди.
Ўрганишлар доирасида Вобкент тумандаги “Veb texstil 2020” тикув ишлаб чиқариш цехи фаолияти ҳам кўздан кечирилди.