Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов Ички ишлар бошқармаси Даволаш профилактикаси муассасалари Тиббиёт бўлими фаолиятини ўрганди
Бугун, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Икромжон Турсунов Ички ишлар бошқармаси Даволаш профилактикаси муассасалари Тиббиёт бўлими фаолияти билан танишиб, бу ерда фаолият олиб борувчи шаҳодатланган ва эркин ёлланган тиббиёт ходимларининг ҳар бир билан суҳбатлашди, бўлимда яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.
Бошқарма бошлиғи шахсий таркиб, уларнинг фарзандлари, оила аъзолари, нафақадаги фахрийлар, ҳамда ишга кириш истагида бўлган номзодларда кўп учраётган касалликлар рўйхатини тузиш, илмий ёндашув асосида таҳлил қилган ҳолда, уларнинг сабабларини аниқлаб, замонавий тажрибалардан самарали фойдаланган ҳолда касалликларга қарши курашиш, шу билан бирга, мавсумий касалликларни олдини олиш, диспансер ҳисобида турган ходимларни соғломлаштириш чораларини кўриш борасида масъуллар манзиллари аниқ белгиланган топшириқлар берди.
Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Тиббиёт бўлимидаги ўрганишлари давомида вилоят ички ишлар органларида бир неча йиллар самарали меҳнат қилиб, ҳозирда нафақа гаштини сураётган Мастон Толибов ва Худойназар Раҳматовлар билан ҳам суҳбатлашди. Отахонларнинг соғлиғидаги муаммоларини ўрганган ҳолда уларни даволаш, сиҳатгоҳларга йўлланма бериш борасида Тиббиёт бўлими раҳбарларига топшириқлар берилди.
Шунингдек, бошқарма бошлиғи вилоят ички ишлар органларида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, ходимларнинг саломатлигини ишончли муҳофаза қилиш, замонавий даволаш усулларини амалиётга кенг татбиқ этиш, хизмат интизоми ва қонунчиликка қатъий риоя қилиши, фахрийларга намунали тиббий хизмат кўрсатиш, бириктирилган контингент ва номзодлар билан ишлашда қонун талабидан четга чиқмаслик борасида кўрсатмалар берди.