7 Июн 2024 йил 1238

Бухоро вилояти ИИБ: “Қорадори 2024” тезкор профилактик тадбирлари давомида гиёҳванд моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга доир яна бир нечта жиноий ҳолатлар фош этилди

Хабарингиз бор, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг алоҳида фармойиши асосида вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида "Қорадори-2024" тезкор профилактик тадбирлари ўтказилмоқда. Бу каби тадбирлар давомида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ ўнлаб жиноятлар аниқланганлигини расмий саҳифаларимиз орқали кузатиб бормоқдасиз. Навбатдаги тезкор тадбирлар давомида ҳам бир қатор жиноий ҳолатларга чек қўйилди.

Жумладан, 2024 йил 27 май куни олинган тезкор маълумотлар асосида Бухоро тумани Ички ишлар бўлими Жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан ўтказилган "Қорадори-2024" тадбири давомида туманнинг Хонобод маҳалласида яшовчи, 1959 йилда туғилган фуқаронинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, томорқасида 7 туп "Каннабис" ўсимликларини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келаётганлиги;

Иккинчи ҳолатда, 2024 йил 31 май куни Ғиждувон тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, туманнинг Файзулло Хўжаев маҳалласида яшовчи, фуқаро яшаш уйининг томорқасида, анор кўчати остида 2 туп "Каноп" ўсимлигини экиб, етиштириб келаётганлиги;

Учинчи ҳолатда, 2024 йил 4 июнь куни Шофиркон тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида, туманнинг Жўйнав маҳалласида яшовчи, 1960 йилда туғилган фуқаро ўз хонадони томорқасида жами 75 туп "Кўкнор" ўсимликларини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келаётганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатларнинг ҳар бири юзасидан юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

“Қорадори 2024” тезкор профилактик тадбирлари давом этмоқда.

Text to speech