Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов бошчилигида Шофиркон туманининг “Доригар” маҳалласи аҳолисининг ижтимоий иқтисодий муаммолари ечимига бағишланган сайёр қабул ўтказилди
Хабарингиз бор, бугунги кунда, "Доригар" маҳалласида Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ташаббуси билан ҳудудни ободонлаштириш, инфратузилмасини тубдан ўзгартириш, иқтисодий ўсиш драйверини яратиш, жамоат ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, “Рақамлашган,обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳалланинг кириш ва чиқиш жойлари, марказий ва аҳоли гавжум кўчаларини, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шахобчалари, мавжуд ташкилот ва идоралар маъмурий бинолари замонавий видеокузатув камералари билан жиҳозланмоқда.
Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини “хонадонбай” ва “фуқаробай” тартибда аниқлаб, уларга узил кесил ечим топиш, айниқса, кам таминланган, ижтимоий кўмакка муҳтожларни камбағалликдан чиқариш, ногирон, оғир касалликка чалиниб даволанаётган, узоқ муддатга чет элга чиқиб кетган ёки қайтиб келган фуқаролар, уларнинг оила аъзолари, вояга етмаган фарзандлари ҳолидан хабар олиб, мавжуд муаммоларини бартараф этиш борасида кенг кўламли ва манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Шу амалий ишларнинг давоми сифатида бугун, Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов бошчилигида ушбу маҳалла аҳолиси билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Қабулда вилоят 3-сектор штаби аёзолари, туман сектор раҳбарлари, вилоят ҳамда туманнинг барча тааллуқли корхона ва ташкилотлари масъуллари, маҳалла "еттилик" аъзолари ҳамда ўз муаммоларига ечим излаб келган ҳудуд аҳолиси иштирок этишди.
Жараёнда асосан иш билан таъминлаш, уй-жой таъмири, тиббий кўрик ва даволаниш, таълим кредити, қуёш панелларини ўрнатиш, тадбиркорликни кенгайтириш, электр таъминотидаги паст кучланишни бартараф этиш, ички йўлларни таъмирлаш, имтиёзли кредит олишда амалий ёрдам бериш ҳамда суд-ҳуқуқ масалаларида 100 га яқин фуқароларнинг 70 дан ортиқ мурожаатлари бирма-бир кўриб чиқилди.
20 га яқин мурожаатлар жойида ҳал этилилган бўлса қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун юритувга олинган мурожаатлар юзасидан аниқ ва манзилли чора-тадбирлар белгиланиб, масъулларга кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, аҳоли билан мулоқотда билдирилган таклифлар, кўтарилган муаммолар асосида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, маҳаллаларда янги иш ўринларини яратиш, асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз фуқаролар ҳақида ҳақиқий маълумотлар жамланиб, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, доимий иш билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шофиркон тумани Доригар маҳалласида амалга оширилаётган иш натижаларининг якуни бўйича мониторинг ишлари олиб борилиб, ушбу маҳалла мисолида энг аввало туманнинг бошқа маҳаллалари, кейинчалик, вилоятнинг барча маҳаллаларида бу каби ижобий тажрибани тадбиқ этиш борасида манзилли чора-тадбирлар белгиланди.