10 Апрел 2025 йил 2238

Бухоро вилояти прокурори ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бошчилигидаги масъуллар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Қарори талабларидан келиб чиқиб Когон туманида криминоген вазиятни яхшилаш борасида жорий йилнинг биринчи чораги давомида амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйилган тизимли камчиликлар жойига чиқиб ўрганилди

Дастлаб, ҳокимлик биносида туман ҳокими, ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари, профилактика (катта) инспекторлари иштирокида ўтказилган муҳокама йиғилишида мазкур ПҚ 1-сонли қарор талаблари асосида ишлаб чиқилган йўл харитаси асосида туман маҳаллаларида амалга оширилган ишлар, натижадорлик ҳамда йўл қўйилган тизимли камчиликлар танқидий таҳлил қилинди.

Жараёнда криминоген вазияти оғир, жиноятчилик салмоғи юқори "қизил" ва "сариқ" тоифадаги маҳаллалар профилактика инспекторларининг ҳисоботлари тингланиб танқидий муҳокама қилинган бўлса, "яшил" тоифали маҳаллалар профилактика инспекторларининг натижадорликка эришиш механизмлари ва тажрибалари ҳам тафтиш қилинди.

Бундан ташқари профилактика инспекторлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда уларнинг хизмат уйи, хизмат хонаси ва зарурий жиҳозлар, техника, махсус воситалар билан таъминланганлик ҳолати ҳамда хизмат фаолияти давомида дуч келаётган муаммолар ҳам бирма-бир ўрганилиб, аниқланган масалаларнинг ечими юзасидан аниқ чора тадбирлар белгилаб олинди.

Ўрганишлар, ўтган ҳисобот йилида қизил тоифага кирган Наврўз ҳамда Баҳовуддин Нақшбанд маҳаллаларида давом этди. Жойига бориб кўздан кечириш жараёнида ушбу маҳаллалар еттилиги билан учрашган масъуллар, мазкур маҳаллаларда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, омил бўлган шарт-шароитларни чуқур таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш бўйича бугунги кунга қадар маҳалла масъулларининг тааллуқли идоралар билан ҳамкорликда амалга оширган ишлари, йўл қўйган тизимли камчиликлари, биринчи чорак учун мўлжалланган йўл харитаси бандларининг ижроси ҳам синчковлик ўрганилиб, иккинчи чорак йўл харитасида назарда тутилиб, амалга оширилиши лозим бўлган манзилли ишлар юзасидан зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Навбатдаги манзил туманда фаолият олиб бораётган Бухоро Психология ва хорижий тиллар Институти бўлди.

Бу ерда масъуллар ушбу олий таълим муассасасида таҳсил олаётган ёшлар билан учрашиб, айнан талабалар томонидан ёки уларга нисбатан содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар хусусида сўз юритиб, уларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароит ва омиллар таҳлилий маълумотлар асосида муҳокама қилинди.

Бундан ташқари хотин-қизларга нисбатан содир этилаётган тазйиқ ва зўравонликлар, бундай салбий ҳолатларга қарши курашиш борасида мавжуд қонунчилик нормалари, тазйиқ ва зўравонликдан хотин-қизларни ҳимоя қилиш борасида вилоятда амалга оширилаётган ишлар доирасида ҳам очиқ мулоқот ўтказилди.

Шунингдек, институт масъулларига ёшларни ватанпарварлик туйғуси ҳамда жамиятга дахлдорлик ҳиссини кучайтириш мақсадига қаратилган тизимли ишлар амалга ошириш, таҳсил олаётган талаба ёшларга “Тенгдош - тенгдошга кўмакчи” лойиҳаси доирасида намунали тенгдошларни ҳамда мураббийлар  бириктириш бўйича топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Шу куни, масъуллар 2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Президент қарори ижросини таъминлаш бўйича Бухоро вилояти ҳамда Когон тумани идоралараро мувофиқлаштириш ишчи гуруҳларининг фаолиятини ҳам ўрганиб, биринчи чорак мобайнида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан ишлаб чиқилган йўл харита ижросини танқидий таҳлил қилиниди ва галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Туман Ички ишлар бўлими Пробация назорати остида турган шахслар билан ўтказилган учрашув эса, айнан ушбу тоифа ҳамда муқаддам судланганлар томонидан қайта жиноят содир этилишини олдини олиш, суд томонидан белгилаб берилган чекловларни бузиш билан боғлиқ ҳолатларни олдини олишга хизмат қилди. Профилактик огоҳлантирув, тарғибот хусусиятига эга бўлган мулоқот давомида назорат остидаги шахсларнинг муаммолари ўрганилди ва аниқланган масалалар ечимига доир чора тадбирлар белгилаб олинди.

Кейинги манзил туманнинг Туткунда маҳалласи ҳудудида жойлашган 1-сонли Умумий тартибли Жазони ижро этиш колонияси бўлди. Бу ерда сақланаётган маҳкумлар ва улар билан учрашишга келган оила аъзоларига яратиб берилган шарт-шароитлар ўрганилиб, колонияда жиноят ижроия қонунчилигига оғишмай амал қилиш билан боғлиқ ҳолатлар кўздан кечирилди.

Бундан ташқари ушбу муассасада жазо ўтаётган биринчи маротаба судланиб, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган, колония тартиб қоидаларига оғишмай риоя қилаётган ёшлар билан профилактик тарғибот учрашуви ўтказилиб, уларни озодликка чиқишга, ундан сўнг ижтимоий ҳаётга тайёрлаш, касбга ўргатиш билан боғлиқ амалга оширилаётган ишлар ҳам ўрганилди.

Колонияда ташкил этилган ёшлар боғи, касбга ўргатиш Мономаркази, 20 турдаги қурилиш ҳамда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехлари ва уларнинг самарадорлиги ҳам кўздан кечирилди.

Маҳкумлар билан якка тартибда профилактик суҳбат ўтказган масъуллар уларнинг содир қилган жиноятлари билан яқиндан танишиб, мазкур жиноятларнинг содир этилиш усуллари ҳамда омил бўлган шарт-шароитларни бирма бир таҳлил қилган ҳолда, вилоятнинг 544 та маҳаллаларида бундай жиноий ҳодисаларни барвақт олдини олишга доир чора тадбирларни белгилаб олишда ўзларига зарурий вазифаларни белгилаб олдилар.

Маҳкумлар билан ўтказилган сайёр қабул давомида эса уларнинг муаммолари ўрганилиб, турли масалалар юзасидан мурожаатлари қабул қилинди. Мурожаатлар ечимига доир масъул мансабдорларга зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилиб, ижроси алоҳида назоратга олинди.

Бу каби ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ишлари тасдиқланган режа асосида вилоятнинг қолган барча шаҳар ва туманларида ўтказиб борилади.

Text to speech