Бухоро вилояти прокурори ва Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида Жондор тумандаги криминоген ҳолати оғир бўлган "Кўлиён" маҳалласида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, хавфсизликни таъминлаш ва профилактика ишларини самарали ташкил этиш юзасидан ўрганишлар олиб борилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–1-сон “2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 801-сон “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини доирасида амалга оширилган ўрганишларда маҳалладаги мавжуд криминоген ҳолат, жиноят содир этилиш ҳолатлари, профилактика объектлари ва фуқаролар билан олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Шунингдек, “Хавфсиз кўча” ва “Хавфсиз йўлак” тамойиллари асосида йўлга қўйилган чора-тадбирлар, жамоат жойларида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
Шу билан бирга, жиноятчиликка мойил шахслар, профилактика ҳисобида турувчи фуқаролар, вояга етмаганлар, ёшлар ва хотин-қизлар билан индивидуал тарзда олиб борилаётган профилактик ишлар ҳолати, оилавий низолар мавжуд бўлган хонадонлар билан ишлаш самарадорлиги муҳокама қилинди.
Ўрганиш якунлари бўйича аниқланган камчиликлар юзасидан тегишли раҳбар ва мутасаддиларга аниқ вазифалар юклатилиб, уларнинг ижроси назоратга олинди.
Бундай жойига чиқиб ўтказилаётган таҳлилий-ташкилий тадбирлар вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларида ҳам изчиллик билан давом эттирилиб, маҳаллаларда барқарор, хавфсиз ва соғлом ижтимоий муҳитни яратишга қаратилган тизимли ислоҳотларнинг самарадорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.