Бухоро вилояти сектор раҳбарлари “Бухоро қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини улгуржи сотиш бозори” МЧЖда бўлиб, захирага жамғарилган маҳсулотлар ва маҳсулотларни сақлаш технологияси билан танишишди
Мулоқот аввалида озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини яратишда аҳоли сони билан бир қаторда чет элга қатнаб ишлаётган меҳнат мигрантлари, ҳудудда истиқомат қилаётган кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилалар, айниқса, маҳаллалар “Темир дафтари”га киритилган фуқаролар манфаатлари ва турмуш шароитидан келиб чиқиш, шу боисдан маҳалла ва қишлоқларда арзонлаштирилган нархларда озиқ-овқат ярмаркаларини мунтазам ташкиллаштириш, ночор ва оғир аҳволга тушиб қолган оилалар ҳолидан хабар олиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда вилоятда баъзи маҳсулотлар, жумладан, ун захирасини яратишда «Бухородонмаҳсулотлари», «Қоракўлдонмаҳсулотлари», «Когондонмаҳсулотлари» акциядорлик жамиятлари билан бирга, ўз ёрлиғига эга бўлган буғдойни қайта ишлашга ихтисослаштирилган корхоналар имкониятларидан самарали фойдаланиш лозимлиги қайд этилди. Муҳокамада худди шундай, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирувчи тадбиркорлик субъектларини тижорат банкларининг имтиёзли кредит маблағи ва субсидиялари билан қўллаб-қувватлаш зарурлигига эътибор қаратилди.
Марказий банк вилоят бош бошқармасининг бу борадаги имконияти ўрганилди.
Захира қилинадиган ҳар бир маҳсулот таъминоти юзасидан тегишли ташкилот, идора ва корхоналар мутасаддилари шахсий масъул сифатида бириктирилиб, ўз навбатида тизимли кузатув ва назорат ишларини олиб бориш лозимлиги уқтирилди.
Шунингдек, шаҳар ва туманларда фаолият юритаётган марказий деҳқон бозорларида, қолаверса, йирик савдо мажмуаларида маҳсулотларни етарли даражада жамғариш ва аҳолига реал нархларда сотилишини таъминлаш борасида мунтазам ўрганишлар олиб бориш талаби қўйилди.
Шундан сўнг жамият ҳудудида туркиялик мутахассислар иштирокида қурилган махсус омбор, бу ерда маҳсулотларни сақлаш технологияси билан таништирилди.
Маълумотларга кўра, 2024-2025 йиллар қиш-баҳор мавсуми учун вилоятда қарийб 25 минг тонна шундан, 11 минг 362 тонна картошка, 4 минг 460 тонна пиёз, 6 минг 214 тонна сабзи ва 2 минг 872 тонна гуруч маҳсулоти жамғариш белгиланган.
Шу кун сектор раҳбарлари "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида Бухоро шаҳри кўчалари бўйлаб манзарали дарахт кўчатларини экишди.