13 Март 2024 йил 4085

Бухоро вилояти сектор раҳбарлари бошчилигида "Янги Ўзбекистоннинг ватанпарвар ёшлари" ўқув йиғинига жалб қилинган ёшлар иштирокида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви ўтказилди

Хабарингиз бор, Бухоро вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2024 йил 12 январдаги кенгайтирилган йиғилишида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик, жамият ҳаётига дахлдорлик ва қонунга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган "Янги Ўзбекистоннинг ватанпарвар ёшлари" ўқув йиғинини ўтказилмоқда.

Бугун, 13 март куни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов, вилоят Солиқ бошқармаси бошлиғи Дилшод Юлдашев ҳамда ИИВ Академияси масъуллари бошчилигида ушбу ўқув йиғинига жалб қилинган ёшлар иштирокида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви ўтказилди.

Учрашув давомида ёшларининг муаммолари ҳамда таклифлари ўрганилиб, ўзаро мулоқотда улар томонидан кўтарилган мурожаатлар тингланди.

Юзма-юз очиқ мулоқотда, ёшлар томонидан банк имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши, тадбиркорлик учун ер майдони ажратишда амалий ёрдам бериш, иш билан таъминлаш, мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтиришда имтиёзлардан фойдаланиш, тайинланган жазоларини ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ва бошқа ижтимоий муаммолари бўйича мурожаатлар келиб тушди.

Асосий эътибор, мурожаатларнинг жойида ҳал этилишига қаратилиб, қўшимча ўрганиш ва қонуний қарор қабул қилиш учун иш юритувига олинган мурожаатлар юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.

Сектор раҳбарлари бошчилигида ўтказилаётган бу каби учрашувлар ёшларда ватанпарварлик, юртга дахлдорлик, қонунларга итоаткорлик хислатларини сингдириш, уларнинг қизиқишлари, қобилияти, иқтидори ва муаммоларини ўранган ҳолда касб-ҳунар ҳамда чет тилини ўрганишга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш орқали фаол ижтимоий ҳаёт тарзига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Text to speech