3 Декабр 2024 йил 1741

Бухоро вилояти ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди

Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раислигида видеоконференцалоқа тизими асосида ўтган ушбу муҳокама йиғилишида, вилоят прокурори Улуғбек Ҳамдамов, идоралараро комиссияга аъзо идораларнинг вилоят ҳамда ҳудудий мутасадди раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг тааллуқли масъул ходимлари иштирок этишди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 март кунидаги ПҚ-2833-сонли “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига асосан ташкил этилган "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят идоралараро комиссияси раиси сифатида бошқарма бошлиғи ўтган давр мобайнида комиссияси томонидан амалга оширилган ишлар ҳамда йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар хусусида сўз юритди.

Танқидий ҳамда таҳлилий тарзда ўтган муҳокама йиғилишида бугунги йиғилишнинг асосий мақсади, келгусидаги вазифалар ва вилоят идоралараро комиссия фаолиятини тўлақонли ташкил этиш, ўзаро ҳамкорлик ва ахборот алмашинувини янги босқичга олиб чиқиш борасида ҳам айтиб ўтди.

Вилоят ҳудудида содир этилган жиноятлар "соҳабай" таҳлил қилиниб, комиссияга аъзо идоралар, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда ишчи-хизматчилари томонидан касбий фаолият билан боғлиқ бўлган ёки бошқа турдаги жиноятларнинг содир этилишига йўл қўйиб келинаётгани танқид қилинди.

Тиббиёт, олий, ўрта-махсус ва умумий ўрта таълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, банк ва ҳокимият вакиллари, шунингдек бошқа идоралар масъул раҳбарлари ва ишчи хизматчилари томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳар бир соҳанинг ўзида, мутасаддилар ва ходимлар иштирокида кенг муҳокама қилиниши лозимлиги, бунда айнан раҳбар ходимларнинг жавобгарлик масаласини кучайтириш лозимлиги, уларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш хусусида қарорлар қабул қилинди.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 31 май – 1 июнь кунлари Бухорога қилган ташрифи давомида, вилоятда жиноятчиликни жиловлаш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш ҳамда жамоат хавфсизлиги борасида амалга оширилаётган ишларни танқидий муҳокама қилиб, белгилаб берилган галдаги муҳим вазифалар ҳамда 2024 йил якунига қадар жиноятчиликни кескин камайтириш бўйича “Фавқулодда иш тартиби” нинг жорий этилганлигини ҳар бир комиссияга аъзо идора раҳбарларининг ўзлари чуқур англаган ҳолда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан узвий ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда, олиб борилаётган кенг кўламли профилактик ишларни янада кучайтириш борасида келишиб олинди.

Бунда, энг аввало маҳаллаларда мавжуд ижтимоий муаммоларни аниқлаб ҳал этиш, узоқ муддатга чет элга кетган ёки қайтиб келган фуқаролар ҳамда уларнинг оила аъзолари билан тизимли ишлаш, оила-турмуш доирасидаги низоларни бартараф этиш, айниқса хотин-қизлар, ёшлар ҳамда вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, ички ишлар ҳамда соғлиқни сақлаш идораларининг махсус ҳисобида турувчи шахслар билан профилактик ҳамда манзилли ишларни олиб боришга алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди. Ҳар бир кўтарилган масала юзасидан муҳокамада иштирок этган масъулларнинг фикр ва таклифлари олиниб, галдаги вазифаларга оид кўрсатма ва топшириқлар берилди.

Text to speech