6 Март 2025 йил 3768

Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари аёл ходималари ўртасида “8 Март – Халқаро хотин-қизлар куни” байрами муносабати билан «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилди

Барчамизга маълумки, баҳорнинг илк байрами “8 Март – Халқаро хотин-қизлар куни” юртимиз бўйлаб кенг тантана қилинмоқда. Ушбу сана муносабати билан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармасининг ташаббуси ва масъулларнинг саъй-ҳаракати билан вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг аёл ходималари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйинлари ташкиллаштирилди.

Беллашувларда 9 та жамоа таркибида 54 нафар хотин-қизлар иштирок этиб, 4 босқичдан иборат шартлар асосида мусобақалашишди. Жараёнда иштирокчи аёлларимиз ўзларининг жамоавий ишлаш, тез фикрлаш ва креатив ёндашувларини ҳам намоён қилишди.

Ҳар бир жамоа ўзига хос мавзулар бўйича саволларга жавоб беришди, шунингдек, уларнинг умумий билим даражаси ва интеллектуал қобилиятлари синовдан ўтказилди.

Қизғин ва муросасиз кечган "Заковат" ўйини натижаларига кўра, учинчи ўринни, вилоят Фавқулотда вазиятлар бошқармаси, иккинчи ўринни Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бошқармаси жамоалари эгаллаган бўлсалар, фахрли биринчи ўринни Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси жамоаси қўлга киритди.

Тадбир якунида ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди. Унда Бухоро вилояти ҳокими бошчилигидаги масъуллар иштирок этиб, аёл ходималарни “8 Март – Халқаро хотин-қизлар куни” байрами муносабати билан самимий муборакбод этишди. Ғолиб ва совриндорларга ташаккурнома ҳамда эсдалик совғаларини топширишди.

Халқаро хотин-қизлар куни байрами олдидан ўтказилган мазкур «Заковат» интеллектуал ўйини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда фаолият олиб борувчи хотин-қизлар учун катта илҳом манбаи бўлиб, уларнинг билимларини ва ижтимоий фаоллигини янада оширишда муҳим тадбир бўлди десак муболаға бўлмайди.

Бундай тадбирлар бугунги кунда жамиятимизда аёлларнинг ўрни ва ролини оширишда, уларнинг машаққатли меҳнатларини эътироф этиш, салоҳиятини ривожлантиришда ҳам катта аҳамият касб этади, албатта.

Text to speech