Бухоро вилоятида фаолият юритувчи ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўртасида спортнинг “Самбо” тури бўйича вилоят биринчилиги бўлиб ўтди
Ушбу мусобақада ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларидан иборат 15 та жамоадан 100 га яқин спорт усталари иштирок этишди.
Кескин ва муросасиз баҳсларга бой бўлган мусобақада умумжамоа ҳисобида фахрли 3-ўринни вилоят Фавқулотда вазиятлар бошқармаси жамоаси, фахрли 2-ўринни Қоровул қўшинларига қарашли 7536-ҳарбий қисм жамоаси қўлга киритган бўлса, ушбу мусобақанинг барча вазн тоифаларида ҳамда умумжамоа ҳисобида фахрли 1-ўринни Бухоро вилоят Ички ишлар бошқармаси жамоаси қўлга киритди.
Мусобақанинг тантанали қисмида сўзга чиққан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари полковник Баҳодирхўжа Шарипов бу каби спорт мусобақаларининг ўтказилиши ходимларнинг жисмоний ва жанговар шайлигини оширишга ҳамда улар ўртасида дўстона муҳит шаклланишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Ғолиб жамоалар диплом, медаль, бошқарма бошлиғи кубоги ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.