19 Январ 2024 йил 2185

Бухоро вилоятида Гиёҳванд моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга доир жиноятларга қарши курашиш борасидаги тезкор тадбирлар давомида бир нечта жиноий ҳолатлар фош этилди

Гиёҳвандлик бугунги кунда бутун дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган долзарб муаммолардан бири. Шу боис Мамлакатимизда гиёҳванд моддаларнинг тарқалиши ва улар устидан назорат ўрнатиш борасида кескин ва муросасиз йўл танланган. Лекин шунга қарамасдан ўзининг қабиҳ ниятларини амалга ошираётган оғуфурушлар ва уни сақлаб келаётганлар кўплаб учрамоқда. Энг ачинарлиси, ундан мўмай даромад топишни ният қилган, била туриб жирканч ишга қўл ураётганлар қанча.

Бухоро вилоятининг барча шаҳар ва туманларида "Гиёҳвандлик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш" борасида ички ишлар органлари, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан кенг жамоатчилик билан биргаликда бир қатор манзилли профилактик ҳамда тезкор тадбирлар амалга оширмоқда.

Мана шундай тезкор тадбирлар давомида Бухоро вилоятида гиёҳвандлик моддалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш борасидаги бир неча жиноий ҳолатлар фош этилди.

Бухоро вилояти ИИБ ва Пешку туман прокуратураси ходимлари томонидан жорий йилнинг 5 январь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида 1978 йилда туғилган Х.Б. туманнинг Навбаҳор маҳалласида жойлашган ўз уйида судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра соф вазни 15,14 граммга тенг бўлган “кўкнор хашаги” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланган.

Иккинчи ҳолат: 10 январь куни соат 22:00 ларда Ғиждувон туман ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, туманнинг Дегрезон маҳалласида яшовчи 1969 йилда туғилган Ю.Р. ўзининг яшаш хонадонида таниши Х.М. билан бирга “Марихуана” ва “Гашиш” гиёҳвандлик воситаларини истеъмол қилиб, бангихона сақлаш жиноятини содир қилганлиги аниқланган.

Учинчи ҳолат: 10 январь куни Вобкент туман ИИБ ҳамда Божхона хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида туманнинг Вобкент маҳалласида яшовчи, 1975 йилда туғилган Я.А.нинг яшаш хонадони назорат тариқасида текширилганида 1 туп “Каннабис” гиёҳвандлик ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, парваришлаб келаётганлиги аниқланган.

Тўртинчи ҳолат: 2024 йилнинг 11 январь куни Бухоро вилояти ИИБ ва Когон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Когон шаҳрининг А.Темур маҳалласида яшовчи, 1976 йилда туғилган Г.Ж. ва С.И.лар бир гуруҳ бўлиб, бир фуқарога 4 дона "спички" ёзувли гугурт қутиларига жойлаштирилган соф вазни 20,69 граммга тенг бўлган "Марихуана" гиёҳвандлик воситасини 4.000.000 сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган.

Бешинчи ҳолат: Жорий йилнинг 11 январь куни Бухоро шаҳар ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Бухоро шаҳар Мирдўстим кўчасида яшовчи, 1962 йилда туғилган У.К. бир фуқарога 800.000 сўм эвазига, судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра таркибида тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган соф вазни 6,09 граммга тенг бўлган озгинадан кўпроқ миқдордаги “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини сотганлиги аниқланган.

Олтинчи ҳолат, 2024 йил 12 январь куни Ғиждувон тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, туманнинг Памўза маҳалласида яшовчи 1978 йилда туғилган Ш.А. бир фуқарога соф вазни 0,59 граммга тенг бўлган озгинадан кўпроқ миқдордаги "Марихуана" гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда нақд 400.000 сўм эвазига сотганлиги аниқланган.

Еттинчи ҳолат, 2024 йил 12 январь куни Қоровулбозор тумани ИИБ ходимлари томонидан олинган тезкор маълумот асосида туман ҳудудидан ҳаракатланиб бораётган оқ рангли “Дамас” русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, автомашинада йўловчи сифатида келаётган Бухоро шаҳрида яшовчи 1974 йилда туғилган Х.Н. целлофан пакетга ўралган ҳамда “спички” ёзувли икки дона гугурт қутиларига қадоқланган, қуритилган ҳолдаги соф вазни 62,39 грамм, кўп миқдордаги “Марихуанна” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб келаётганлиги аниқланган.

Саккизинчи ҳолат, 2024 йил 16 январь куни Бухоро вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Бухоро шаҳрида яшовчи 2000 йилда туғилган Қ.С. бир фуқарога жами 1.200.000 сўм эвазига, судга оид кимёвий экспертиза хулосасига кўра таркибида тетрагидроканнабинол мавжуд бўлган соф вазни 1,33 граммга тенг бўлган озгинадан кўпроқ миқдордаги “Марихуана” гиёҳвандлик воситасини сотган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар гиёҳвандлик ҳамда психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш ўта жирканч қилмиш ва оғир жиноятдир.

Агарда юқоридаги каби ҳолатлар тўғрисида бирор бир маълумотга эга бўлсангиз, зудлик билан 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб ёки яқин атрофдаги ички ишлар органларига бориб хабар беришингизни сўраб қоламиз.

Text to speech