Бухоро вилоятида "Кексалар ҳафталиги" доирасида Тезкор қидирув хизматининг устоз фахрийлари, ўрта ҳамда ёш авлод вакиллари иштирокида "Уч авлод учрашуви" ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрида “Кекса авлод вакилларининг жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.
Ушбу қарорнинг ижросини таъминлаш ҳамда 1 октябрь "Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш — халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида вилоят ички ишлар органларида “Кексалар ҳафталиги” тадбирлари ўтказилди.
Ушбу тадбирлар доирасида нуронийларнинг ҳолидан хабар олиш, уларни моддий, маънавий ҳамда жисмоний қўллаб-қувватлаш, ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ва эъзозлаш бўйича кенг кўламли чора тадбирлар амалга оширилди.
Жумладан, Тезкор қидирув хизматининг кекса, ўрта ва ёш авлоди иштирокида “Уч авлод учрашуви” ўтказилди.
Тадбирда вилоят сектор раҳбарлари, Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти, тезкор қидирув хизматининг устоз фахрийлари, ўрта авлоди ҳамда ёш ходимлар иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда инсон омилига юксак эътибор берилаётгани, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жамиятимизнинг ҳар бир аъзосига, жумладан меҳнат фахрийларига ғамхўрлик, меҳр-оқибат кўрсатилаётгани, инсон қадр-қиммати, унинг орзу-ниятларини рўёбга чиқаришга имконият яратиб бериш устувор вазифага айлангани алоҳида таъкидланди.
"Уч авлод учрашуви"да ички ишлар органларида самарали фаолият олиб бориб бугун нафақа гаштини сураётган тезкор қидирув хизматининг меҳнат фахрийлари ҳам сўзга чиқиб, ҳаёти ва меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, соҳанинг ўзига хос машаққатлари, ниҳоят нуронийлик пайтида кўрсатилаётган ҳурмат-эҳтиром ҳақида ўз дил сўзларини, самимий фикрларини билдиришди.
Шундан сўнг, Ички ишлар вазирининг тегишли буйруғи билан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга изчиллик билан татбиқ этиш борасидаги самарали хизматлари, жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги фаол иштироки, ёш авлодни ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ишларига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда 1 октябрь “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан, истеъфодаги подполковник Ражабов Эркин Саидович “Ички ишлар органларининг фахрий ходими” кўкрак нишони билан, истеъфодаги майор Тошов Саттор Тошназарович эса Ички ишлар вазирлигининг эсдалик қўл соати билан муносиб тақдирландилар.
Шу билан бирга тадбир давомида вилоятимизда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашда жонбозлик кўрсатаётган бир гуруҳ ходимлар вилоят ҳокими, вилоят прокурори ҳам вилоят ички ишлар бошқармасининг ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Тадбир давомида санъат усталарининг чиқишлари барчага кўтаринки кайфият улашди.
Мана шундай шукуҳли кун, файзли оқшомда бирга кечган онлари, олган олам-олам таассуротлари фотосуратларга муҳрланди. Чунки айнан шу кечада барча учун янги марралар белгилаб олинди, Янги Ўзбекистон учун янги ташаббуслар, ғоялар илгари сурилди. Улар эса шубҳасиз реал ҳаётий натижаларга айланиб, юртимиз тараққиётининг янада баланд чўққиларга олиб чиқилишида, жамиятимизни жиноят ва ҳуқуқбузарликлардан холи қилишга хизмат қилади.