6 Ноябр 2023 йил 1556

Бухоро вилоятида маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга бағишланган семинар ўтказилди

Ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш, бу борада бефарқлик, лоқайдлик ҳолатларига барҳам бериш, жамиятда тинч ва осойишта ҳаётни таъминлашнинг асосий шартларидан бири ҳисобланади. Бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бугун, 6 ноябрь куни Бухоро давлат университетида ташкил этилган “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини таъминлашда “бешлик” тизими фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган ўқув-семинарида шулар ҳақида сўз борди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси масъуллари, вилоят прокурори Маҳмуд Истамов, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи  Миржамол Миралимов, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Мирали Ҳамроев ва Феруза Ибрагимова, шаҳар-туманлар ҳокимларининг тегишли ўринбосарлари, маҳалла бешлиги вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Семинарда сўз олганлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирликларининг шу йил 30 март кунидаги қўшма қарори билан “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш механизмлари бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда ундан келиб чиқадиган вазифалар тўғрисида маълумот беришди.

Шунингдек, вояга етмаган ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш борасида “Қўқон шаҳар тажрибаси” асосида “маҳалла бешлиги” тизими фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида республика ишчи гуруҳлари томонидан ҳудудларда ташкил этилаётган ўқув-семинарлар хусусида ҳам сўз борди. Қолаверса, ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил ёки ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган шахсларга ҳуқуқий, ижтимоий, психологик, тиббий, педагогик ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатиш тартиблари тушунтирилди.

Шундан сўнг кун тартибидаги масалалар бўйича маърузалар тингланди.

Семинарда масъуллар томонидан маҳалладаги “бешлик”нинг аҳоли, айниқса хотин-қизлар, ёшлар ва вояга етмалар орасида жиноятчикнинг олдини олиш, “ижтимоий профилактика”ни амалга ошириш, “низоли оилалар” билан ишлаш, уларнинг фарзандларини ижтимоийлашувини таъминлаш, таълим муассасалари билан ҳамкорлигини ташкил этиш масалалари бўйича маърузалар қилинди.

Шу куни республика экспертлари гуруҳи иштирокида семинар қатнашчиларидан тест синовлари олинди.

Ушбу семинардан келиб чиққан ҳолда ноябрь ойи давомида вилоятнинг барча шаҳарлари ва туманларида маҳалла бешлиги иштирокида ҳудудий семинар ташкил қилиниши режалаштирилган.

Text to speech