Бухоро вилоятида яна 4 та янги пиёдалар учун ер ости ўтиш иншоотлари фойдаланишга топширилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрьдаги “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ 408-сонли қарори асосида Галаосиё деҳқон бозорига туташ М-З7 “Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши” автомобиль йўлининг 258,5 км қисмида жорий йил июнь ойида пиёдалар ер ости ўтиш йўли қурилиши бошланган эди.
Бугун, 26 декабрь куни умумий қиймати 9,1 миллиард сўмдан иборат иншоот қурилиши якунланиб, фойдаланишга топширилди.
Бу ўз навбатида аҳолига ўзига хос байрам туҳфаси бўлди. Зеро, бу иншоот йўлдаги тирбандликни камайтиришда, автомобиллар ёқилғиси сарфини камайтиришда, энг муҳими, пиёдалар хавфсизлигини таъминлашда қўл келади. Муҳими, тирбанд йўл муаммоси шу тахлид ҳал қилинаётганидан аҳоли мамнун ва хотиржам. Ерости ўтиш йўлининг узунлиги 40 метр, эни 4 метр ва баландлиги 2,5 метрдан иборат.
Қайд этиш жоизки, нафақат Бухоро шаҳрида, балки шаҳарлараро йўлларда автомобиль транспорти воситалари ҳаракатининг кўпайгани ҳисобига йўллар меъёридан ортиқ юклама билан ишлаётгани боис тез-тез тирбандликлар вужудга келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бинобарин, кейинги йилларда давлатимиз раҳбарининг соҳага оид қатор фармон ва қарорларига мувофиқ йўл инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш йўналишида янги вазифалар ва чора-тадбирлар белгилангани тизим фаолиятини ривожлантиришда асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Ана шу саъй-ҳаракатнинг бир ифодаси сифатида айни янги йил шодиёнаси олдидан Жондор, Қоракўл, Олот туманларига кетиладиган “Жондор” автошоҳбекати рўпарасида ҳам қулай ва замонавий услубдаги ер ости пиёдалар ўтиш йўли барпо қилиниб, фойдаланишга топширилгани юртдошларимизга байрам туҳфаси бўлди.
Эътиборлиси, ер ости пиёдалар ўтиш йўли кечаю кундуз ёруғлик билан таъминланади. Шунингдек, бу ерда махсус кузатув мосламалари ҳам ўрнатилган. Қолаверса, ногиронлар аравачасидаги одамлар учун ҳам қулайликлар яратилган.
Айтиш мумкинки, Бухоро шаҳрида энг гавжум ва тирбанд нуқталардан бири саналган Қаюм Муртазоев кўчаси, марказий дорихона биноси олдида бажарилган лойиҳа туфайли эндиликда ундан бир кеча-кундузда 5 мингдан кам бўлмаган йўловчи фойдаланиш имконига эга бўлди.
Жорий йил сентябрь-декабрь ойлари давомида объектнинг қурилиш ишлари икки сменада ташкил қилиниб, унда қирққа яқин ишчи-ходим ва йигирмага яқин махсус техника кучи жалб қилинган.
Мазкур ер ости пиёдалар ўтиш йўлининг умумий қиймати эса 4 миллиард сўм бўлиб, унинг узунлиги 32 метр, эни 4 метр ва баландлиги 2,5 метрни ташкил қилади.
Муҳаммад Иқбол кўчасида, Бухоро давлат университети олдида бунёд этилган замонавий услубдаги ер ости пиёдалар ўтиш йўли иншоотининг умумий қиймати 6,4 миллиард сўмни ташкил қилиб, унинг йўлак узунлиги 38 метр, эни 4 метр ва баландлиги 2,5 метрдан иборат.
Ер ости ўтиш йўли ўзига хос меъморий ечимга эга, у миллийлик ва замонавийлик уйғунлашган ҳолда қурилган.
Мазкур 4та ер ости пиёдалар ўтиш иншоотларининг фойдаланишга топширилиши катта тантанага айланди. Тадбирларда вилоят сектор раҳбарлари, йўл қурилишига дахлдор идора ва ташкилотлар раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.
Ўтган ойларда босқичма-босқич тарзда аҳоли серқатнов бўлган тўртта ҳудудда пиёдаларнинг ҳаракатланишида қулайлик яратиш мақсадида ер ости йўллари қуриб фойдаланишга топширилган эди. Бугун эса яна тўртта ер ости йўли очилди. Бу билан бухороликларга хизмат кўрсатаётган ўзига хос меъморий ечимга эга ерости пиёдалар ўтиш туннели сони 8 тага етказилди. Ўрганишлар ва талаблардан келиб чиққан ҳолда шаҳарнинг гавжум нуқталарида ер ости пиёдалар ўтиш йўллари сонини янада кўпайтириш, бу билан йўловчилар хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, автотранспорт воситалари ҳаракатини тартибга солиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Вилоятда келгуси 2024 йилда яна 15 тага яқин гавжум чорраҳа ва тирбанд йўл бўйида ер ости ва усти пиёдалар ўтиш йўлларини барпо этиш кўзда тутилмоқда.
Тадбирда ер ости пиёдалар ўтиш йўллари қурилишида алоҳида жонбозлик кўрсатган йўлсоз муҳандис-қурувчилар меҳнати алоҳида эътироф этилди. Улар муносиб рағбатлантирилди.