25 Ноябр 2023 йил 2418

Бухоро вилоятида «Намунали кинология бўлинмаси» ва «Аълочи кинолог» кўрик-танловларининг республика босқичи ўтказилди

Жамоат тартибини сақлаш, содир этилаётган жиноятларни иссиқ изида фош этиш ва уларнинг олдини олишда хизмат итларининг ўрни алоҳида.

Кинология хизмати ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида махсус ўргатилаётган итлар иштирокида аниқланаётган жиноятлар кўплаб кўнгилсизликлар ва қоидабузарликларнинг юзага келишини бартараф этмоқда.

Бугун ушбу соҳа моддий техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, хизмат итларининг шайлигини таъминлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Жумладан кинология хизмати ходимларининг ҳуқуқий билимлари ва касбий маҳоратларини мустаҳкамлаш, хизмат итларининг из қидирув, гиёҳвандлик моддаларини топиш, тўсиқларни енгиш каби йўналишларда амалий кўникмаларини ошириш борасида узлуксиз машғулотлар, кўрик танловлар ўтказиб келинмоқда.

Шу мақсадда Бухоро вилоятида жорий йилнинг 22 ноябр кунидан 25 ноябрь кунига қадар «Намунали кинология бўлинмаси» ва «Аълочи кинолог» кўрик-танловларининг республика босқичи ўтказилди.

Ушбу кўрик-танловда Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва вилоятлардан жами: 42 нафар ходимлар, 28 бош хизмат итлари иштирок этишди.

«Аълочи кинолог» кўрик-танловида иштирокчилар 8 та, яъни меъёрий ҳужжатлар бўйича тест синовлари, тўсинда тортилиш, қўл жанги, кинолог ходимнинг хизмат ити билан саф тайёргарлиги, ПМ ва АКМ қуролларини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш, 25 метрли сув ҳавзасини вақтга енгиб ўтиш, 3000 метр ҳамда 800 метр масофага хизмат ити билан югуриш йўналишлари бўйича синовлар топширдилар.

Мазкур кўрик-танловнинг тантанали қисмида ИИВ ҳамда Бухоро вилояти ИИБ раҳбарияти сўзга чиқиб, жамоат тартибини сақлаш, содир этилаётган жиноятларни фош этиш ва уларни олдини олишда Кинология хизмати ходимларининг кўрсатаётган фидокорона хизматларини алоҳида эътироф этишди.

Шунингдек, бу каби танловлар ходимларда тажриба алмашиш билан бир қаторда уларнинг кейинги фаолиятлари ривожида муҳим аҳамият касб этишини ҳам таъкидлашди.

Кўрик-танловнинг умумий натижаларига кўра "Намунали кинология бўлинмаси" йўналиши бўйича учинчи ўринни Жиззах вилояти, иккинчи ўринни Самарқанд вилояти, фахрли биринчи ўринни эса Бухоро вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ Кинология бўлинмаси ходимлари қўлга киритишди.

Якунда барча йўналишлар бўйида ғолиб ва совриндорлар ИИВнинг кубоги, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.

Text to speech