12 Март 2024 йил 3381

Бухоро вилоятида "Янги Ўзбекистоннинг ватанпарвар ёшлари" ўқув йиғини бошланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2024 йил 12 январдаги кенгайтирилган йиғилишида берилган топшириқлари ижросини таъминлаш ҳамда ёшларни ватанпарварлик, жамият ҳаётига дахлдорлик ва қонунга ҳурмат руҳида тарбиялашга қаратилган "Янги Ўзбекистоннинг ватанпарвар ёшлари" ўқув йиғинини ташкил этиш борасидаги Ички ишлар вазирининг тегишли фармойиши қабул қилинди.

Ушбу фармойишга асосан Бухоро вилоятида бошланган ўқув йиғинида дастлаб, йиғиннинг асосий мақсади ва дастури билан таништириш мақсадида йўриқнома ўтказилди.

Йўриқномада Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов, Ички ишлар вазирлиги академияси масъул ходими полковник Шавкат, Мамадалиев бошчилигидаги профессор ўқитувчилар, бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматлар масъуллари ҳамда ҳудудлардан ташриф буюрган уюшмаган ёшлар иштирок этишди.

Унда сўз олган Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Миржамол Миралимов давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ёшларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва улар билан ишлаш самарадорлигини ошириш мақсадида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларни алоҳида эътироф этди.

Бевосита Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу ўқув йиғинлари ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Бухоро вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальонида бўлиб ўтаётган ўқув йиғинида Бухоро вилоятининг шаҳар ва туманларида истиқомат қилувчи 100 нафар ёшлар жалб этилган бўлиб, ўқув дастурига асосан 2 кун давомида бўлиб ўтади.

Ўқув йиғини даврида Ички ишлар вазирлиги Академиясидан ташриф буюрган профессор ўқитувчилар томонидан ёшларнинг жисмоний тайёргарлигини ошириш, маънавий-маърифий, тарбиявий билимларини кучайтириш, уларда ватанпарварлик руҳини ошириш ҳамда ҳуқуқий билимларни эгаллашларига қаратилган машғулотлар олиб борилмоқда.

Ушбу ўқув йиғини ёшларда ватанпарварлик, юртга дахлдорлик, қонунларга итоаткорлик хислатларини сингдириш, уларнинг қизиқишлари, қобилияти, иқтидори ва муаммоларини ўранган ҳолда касб-ҳунар ҳамда чет тилини ўрганишга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка жалб қилиш орқали фаол ижтимоий ҳаёт тарзига йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Text to speech