6 Июн 2024 йил 1159

Бухоро вилоятидаги "қизил" тоифага киритилган маҳаллаларда криминоген вазиятни яхшилаш, оғир аҳволга тушган фуқароларни қўллаб-қувватлашда “Маҳалла еттилиги” томонидан жиноятчиликнинг ижтимоий профилактикасига қаратилган фаолиятни йўлга қўйиш борасида ўқув-амалий семинари ўтказилди

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев куни кеча Бухоро вилоятига қилган ташрифи давомида вилоятимизни камбағаллик, ишсизлик ва жиноятдан холи ҳудудга айлантириш ҳамда бошқа бир қатор муҳим соҳаларда “Бухоро тажрибаси”ни яратишни устувор вазифа сифатида белгилаб берди.

Ушбу топшириқларга асосан, Давлат бошқаруви академиясининг тажрибали профессор-ўқитувчилари томонидан камбағаллик даражаси юқори бўлган 13 та “маҳалла еттилиги” ўқитилмоқда.

Шунингдек, Бош прокуратура академияси ва Ички ишлар вазирлиги академиясининг профессор-ўқитувчилари томонидан вилоятимизда жиноятчилик ошган “қизил тоифа”даги 41 та “маҳалла еттилиги”ни ўқитиш ҳам белгиланган.

Мазкур дастур асосида бугун, 6-май куни Ғиждувон туманида вилоятдаги мавжуд 13 та "қизил" тоифага киритилган маҳаллалар еттилик вакиллари билан ўқув-амалий семинари ўтказилди.

Семинарда, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсвунов, Давлат бошқаруви академияси профессор ўқитувчилари Актам Холов ва Шавкат Асадовлар, Ўзбекистон  маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Муроджон Умаров, олий таълим муассасаларининг ректорлари, проректорлари ва профессор-ўқитувчилари ҳамда 13 та "қизил" тоифадаги маҳаллар еттилик вакиллари иштирок этишди.

Бунда, маҳаллада криминоген вазиятни яхшилаш, оғир аҳволга тушган фуқароларни қўллаб-қувватлашда маҳалла еттилиги томонидан жиноятчиликнинг ижтимоий профилактикасига қаратилган фаолиятни йўлга қўйиш юзасидан маърузалар қилинди.

Ўқув семинарида сўз олган Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсвунов маҳаллани хавфсиз ва жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида айрим маҳаллаларда маҳалла еттилигининг роли сезилмаётганлигини, жиноятларни жиловлаш йўлларини ҳали кўпчилик тушуниб етмаганини, тушуниб етганларида ҳам лоқайдлик ва ташаббускорлик йўқлиги кузатилаётганини айтиб, ҳар бир маҳалла еттилиги ҳуқуқбузарлик содир этиш ёки ундан жабрланиш эҳтимоли юқори бўлган аҳолининг 30 фоизи билан манзилли ишласа, маҳаллада жиноят бўлмаслигини алоҳида таъкидлади.

Бошқарма бошлиғи содир этилиши мумкин бўлган ҳар қандай жиноят ёки ҳуқуқбузарликларининг оқибатини инобатга олган ҳолда ҳудудларни "хонадонбай", "оилабай", "фуқаробай", тизими асосида хатловдан ўтказиб, фуқароларнинг мавжуд муаммолари рўйхатларини шакллантириб, уларнинг ечимига қаратилган ҳамкорликдаги ишлар ташкил этилсагина кўзланган мақсадга эришиш мумкинлиги борасида маҳалла вакилларига тегишли топшириқлар берди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар, Камбағалликни қисқартириш ва Бандлик ҳамда Ёшлар сиёсати ва спорт вазирликлари томонидан 2023 йил 30 март куни қабул қилинган “Обод ва хавфсиз маҳалла тамойили асосида республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш механизмларини белгилаш тўғрисида”ги қўшма Қароридан келиб чиқиб, ижтимоий профилактикани амалга оширувчи субъектларнинг бугунги кунда олиб бораётган фаолияти, маҳалла еттилигининг иш натижаларини танқидий таҳлил қилиб, мазкур йўналишда ҳам ишларни манзилли ташкил этишнинг механизмлари юзасидан ўзининг қатор таклифларини билдирди.

Бошқарма бошлиғи ўз сўзида яна бир муҳим жиҳат, маҳаллаларни рақамлаштириш масаласига алоҳида тўхталиб, ҳудудларни камералаштириб профилактика инспекторларининг хизмат хоналарига интеграция қилиш, шу жумладан, янги қурилаётган бино, иншоотлар, кўп қаватли уйлар, давлат ва нодавлат ташкилотлари, корхона ва муассасаларда хавфсизлик чораларини кучайтириш мақсадида, уларни ҳам замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозлашни алоҳида назоратга олиш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, Давлат бошқаруви академияси профессор ўқитувчилари томонидан мавзу юзасидан маърузалар қилиниб, маҳаллаларда ижтимоий профилактикани амалга ошириш юзасидан ишлаб чиқилган услубий қўлланмалар бўйича батафсил тушунчалар бериб, мазкур йўналишда натижадорликка эришишнинг йўллари юзасидан бир қатор тавсияларини тақдим этишди.

Бу каби ўқув-амалий семинарлари Бухоро вилоятининг барча шаҳар-туманлари бўйлаб давом этмоқда.

Text to speech