Бухоро вилоятидаги жоме масжидлар Қурбон ҳайити намозини ўқиш учун шайми
Хабарингиз бор жорий йилнинг 6 июнь куни юртимизда, шу жумладан, Бухоро вилоятида ҳам халқимиз Қурбон ҳайити байрам тадбирларини кенг нишонлайди.
Бугун вилоят Ички ишлар бошқармасида ўтказилган тезкор йиғилишда айнан ушбу тадбир давомида хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизматлар раҳбарлари, Миллий гвардия, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари масъуллари ва бошқа тааллуқли идоралар мутасаддилари иштирок этган йиғилишни бошқарма бошлиғи очиб бериб, вилоятда мавжуд Қурбон ҳайити намози ўқиладиган 106 та жоме масжидларининг технологик жиҳатдан созлиги, техноген ҳамда фавқулодда ҳолатларга бардошлилиги, хавфсизликнинг таъминланганлиги хусусида сўз юритиб, ҳамкор ташкилотларнинг мутахассис ходимларидан иборат таркибда тузилган ишчи гуруҳлар томонидан белгиланган стандартлар ва тартиб тамойиллар асосида текширув ва ўрганишлар ўтказилиши лозимлигини таъкидлаб, ҳар бир мутасадди идораларнинг масъулларига ўзининг зарурий тавсия, кўрсатма ва топшириқларини берди.
Шунингдек, барча шаҳар-туманлардаги масжидларда жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлиги ва масжидлар ён атрофида транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, йўлларда ҳаракат хавфсизлиги ва тирбандликларни олдини олиш, ёнғинга қарши техника воситаларини тафтишдан ўтказиш, электр ва газ ускуналари ва жиҳозларини яна бир бор кўрикдан ўтказиш бўйича масъулларнинг зиммасига аниқ вазифаларни белгилаб берди.
Бундан кўзланган асосий мақсад вилоятимиздаги мавжуд жоме масжидларида Қурбон ҳайити намозини ўқиш учун келган халқимизнинг ибодат амалларини бажаришлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиб беришдан иборат.