15 Июл 2024 йил 1492

Бухоро вилоятининг Когон шаҳри ҳамда Когон тумани ички ишлар органлари томонидан жорий йилнинг олти ойи давомида амалга оширилган иш натижалари Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов ҳузурида муҳокама қилинди

Аввал хабар берганимиздек, Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи подполковник Икромжон Турсунов шаҳар ва туманларга бориб, ҳудудий ички ишлар органларининг 6 ойлик иш натижаларини муҳокама қилиб келмоқда.

Навбатдаги манзил, Когон шаҳри ҳамда Когон тумани Ички ишлар бўлимлари бўлди.

Ушбу шаҳар ва туман ИИБ маъмурий биноларида бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, соҳавий хизматлар раҳбарлари ва бошқа масъул раҳбарлар, шунингдек, мазкур ҳудудий ички ишлар органларининг бошлиқлари ҳамда барча шахсий таркиби иштирокида жорий йилнинг олти ойи давомида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва келгусида жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида амалга оширилиши лозим бўлган долзарб вазифалар муҳокамаси ўтказилди.

Муҳокамаларда ҳисобот даврида содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаб ва омиллари, келгусида "маҳаллабай" тизим асосида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар, шахсий таркиб ўртасида ижро ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш, хизмат интизоми ва қонунийликка риоя қилиш билан боғлиқ салбий ҳолатларни олдини олиш борасида ушбу туманларда йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар бирма бир таҳлил қилинди.

Танқидий ва таҳлилий тарзда ўтган муҳокама йиғилишларида ҳар бир масала юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, масъулларнинг ярим йиллик иш натижалари бирма-бир кўриб чиқилиб, камчиликларга йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Якунда, Когон шаҳри ҳамда Когон туманининг барча маҳаллаларида келгуси чорак давомида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан ишлаб чиқилган йўл хариталарининг манзилли ижросини таъминлаш, айниқса қизил тоифали маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш мақсадида олиб борилаётган кенг қамровли профилактик тадбирларни жадаллаштириш, бундан ташқари, шахсий таркиб ўртасида ижро ва хизмат интизомини мустаҳкамлаш, қонунийликка риоя қилиш, бунда ўрта бўғин раҳбарларининг масъулиятини янада ошириш борасида ўзининг бир қатор тавсия, кўрсатма ва топшириқларини берди.

Бу каби муҳокама йиғилишлари давом этмоқда.

Text to speech