Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Қарори талабларидан келиб чиқиб криминоген вазиятни яхшилаш борасида амалга оширилаётган ишлар жойига чиқиб ўрганилди
Вилоят прокурори ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошчилигидаги масъуллар бугун Когон шаҳрида бўлиб, дастлаб 9-сон умумтаълим мактабида ўқувчилар давоматини рақамлаштирилган тизим орқали назорат қилиш бўйича ишлаб чиқилган электрон платформа тақдимоти билан танишдилар.
Бунда, мазкур платформанинг имкониятлари, ишлаш механизми, қулайликлари ва мавжуд камчиликлари кўриб чиқилиб, тест режимида ишлатилаётган ушбу платформа ўз самарасини берган тақдирда вилоятнинг бошқа таълим муассасаларида ҳам жорий этиш имкониятлари ўрганилди ва уни "Kundalik kom." дастури билан интеграция қилиш орқали янада такомиллаштириш юзасидан ўзларининг тавсия ҳамда таклифларини билдирдилар.
Бундан ташқари, ушбу мактабга кириш-чиқиш жойларида ҳамда очиқ спорт майдонларини интеллектуал видеокузатув камералари билан жиҳозланганлик ҳолати ҳам кўздан кечирилиб, уларни тезкор бошқарув марказига интеграция қилиш масалалари ўрганилди.
Когон шаҳар "Арабхона" маҳалласида бўлган мутасаддилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги 1-сонли Қарори бўйича амалга оширилган кенг кўламли ишларни жойига бориб кўздан кечирдилар.
Жараёнда ушбу маҳалла еттилиги билан учрашган масъуллар, мазкур ҳудудда содир этилган ҳар бир ҳуқуқбузарлик ва жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, уларга омил бўлган шарт-шароитларни чуқур таҳлил қилиб, бартараф этиш бўйича бугунги кунга қадар маҳалла масъулларининг тааллуқли идоралар билан ҳамкорликда амалга оширган ишлари, йўл қўйган тизимли камчиликлари ҳам таҳлил қилинди.
Когон шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида 22 та маҳалла еттилик вакиллари билан ўтказилган йиғилишда ПҚ-1-сон Қарор талаблари асосида жорий йилнинг биринчи чорагига мўлжалланган йўл харита бандларининг ижроси бирма-бир муҳокама қилинди.
Жумладан, шаҳар маҳаллаларида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, содир этилган оғир ва ўта оғир турдаги жиноятларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган омиллар, шарт-шароитлар ҳам чуқур таҳлиллар асосида танқидий кўриб чиқилиб, масъулиятсизликка йўл қўйган мутасаддиларга нисбатан таъсир чоралари қўллаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, иккинчи чоракка мўлжалланган йўл харита бўйича амалга оширилаётган ишларнинг бориши юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, галдаги вазифалар юзасидан манзилли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шу куни Когон шаҳар Ички ишлар бўлими Пробация бўлими назорати остида турган шахслар билан ҳам учрашув ўтказилди. Бунда айнан ушбу тоифа шахслар томонидан қайта жиноят содир этилишини ва суд томонидан белгилаб берилган чекловларни бузиш билан боғлиқ ҳолатларни олдини олишга доир умумий ҳамда якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилиб, профилактик огоҳлантирув, тарғибот хусусиятига эга бўлган мулоқот давомида назорат остидаги шахсларнинг муаммолари ўрганилиб, ечими юзасидан масъул раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Вилоят прокурори ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи биргаликда профилактика инспекторлари билан ҳам очиқ ва конструктив хусусиятга эга бўлган мулоқот ўтказдилар. Бунда ходимларнинг хизмат уйи, хизмат хонаси ва зарурий жиҳозлар, техника, махсус воситалар билан таъминланганлик ҳолати ҳамда хизмат фаолияти давомида дуч келаётган муаммолари бирма-бир ўрганилиб, уларни бартараф этишга доир аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Бу каби ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш ишлари тасдиқланган режа асосида вилоятнинг қолган барча шаҳар ва туманларида ўтказиб борилади.