2 Май 2025 йил 1089

Бухоро вилоятининг энг олис ҳудуди ҳисобланган Олот туманида давлатимиз раҳбарининг ПҚ-1-сон Қарори ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар жойига чиқиб ўрганилди

"Жиноятчиликка қарши самарали курашиш ва фуқаролар учун хавфсиз муҳитни яратиш – бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январь кунидаги "2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги Қарори бу борадаги ишларни янада жадаллаштирди. Мазкур қарорда ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Ички ишлар органлари ходимлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар масъулларининг зиммасига бир қатор вазифалар юкланган.

Бугун, бу борада Олот туманида қандай ишлар амалга ошириляпти. Юзага келаётган муаммолар нималардан иборат. Ички ишлар бошқармаси бошлиғи бошчилигидаги масъулларнинг туманда олиб борган ўрганишларида айнан ушбу масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Масъуллар дастлаб Маърифат маҳалласида бўлишди. Бу ерда ушбу Қарор ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги 801-сонли қарори талаблари асосида амалга оширилаётган ижтимоий профилактик тадбирларнинг натижадорлиги, йўл қўйиб келинаётган тизимли камчиликлар бирма-бир муҳокама қилинди.

Шу билан бирга "Намунали хавфсиз кўча” ва “Намунали хавфсиз йўлак” ларни ташкил қилиш, белгилаб олинган нуқталарга интеллектуал видеокузатув камераларини ўрнатиб "Тезкор бошқарув Маркази"га интеграция қилиш, ижтимоий ҳамда маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ва хонадонларни қўриқловга олиш ва ташвиш сигналларини ўрнатиш борасида олиб борилган ишлар ҳам ўрганилди.

Ушбу маҳаллада фаолият олиб бораётган 1-сон умумий ўрта таълим мактабида амалга оширилган ўрганишлар давомида эса, ўқувчиларнинг кундалик давоматини назорат қилиш, вояга етмаганларни турли ёд ғоялар таъсирига тушиб қолишдан асраш, наркотик ва психотроп моддалар истеъмоли ва уни тарқатиш билан боғлиқ содир этилаётган жиноий тажовузлардан сақлаш, ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишларига йўл қўймаслик, ўткир тиғли жисмларни ёнида олиб юришнинг оғир оқибатлари юзасидан ўтказилган тушутириш ва тарғибот ишлари, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида таълим маскани масъулларининг олиб бораётган саъй-ҳаракатлари, мавжуд муаммолар ва шарт-шароитлар бирма-бир кўрикдан ўтказилди.

Бундан ташқари, мактабда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ПҚ-1-сон қарор бўйича масканга кириш-чиқиш жойларида ҳамда очиқ спорт майдонларининг интеллектуал видеокузатув камералари билан жиҳозланганлик ҳолати ҳам кўздан кечирилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан манзилли чоралар белгилаб олинди.

Ўрганишлар якунида Олот тумани ҳокимлигида тезкор йиғилиш ўтказилди. Бунда жорий йилнинг 22-29 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятида олиб борилган комплекс инспекторлик текшируви якунлари юзасидан ўтказилган йиғилишда берилган топшириқлар ижроси муҳокама қилинди.

Танқидий ва таҳлилий тарзда ўтган йиғилишда масъул раҳбар ҳамда ходимларнинг ҳар бири билан юзма-юз мулоқот қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан соҳавий хизматлар кесимида амалга оширилган ишлар бўйича ҳисоботлари тингланиб, қўпол ва тизимли камчиликларга йўл қўйиб келаётган масъулларга нисбатан қаттиқ интизомий таъсир чораларини қўллаш бўйича қарорлар қабул қилинди.

Жараёнда, жорий йилнинг бугунги кунига қадар туман ҳудудида қайд этилган ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, омил бўлган шарт шароитлар, жиноятларнинг турлари, содир этган шахсларнинг тоифалари кесимида чуқур таҳлил қилиниб, галдаги вазифалар белгилаб берилди.

Бу каби ўрганишлар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам изчиллик билан давом этмоқда.

Text to speech