Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани ҳудудларида жиноятчиликнинг «маҳаллабай» муҳокамаси ўтказилди.
Аввал хабар берганимиздек, Бухоро вилояти ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасидаги манзилли ишларнинг натижадорлиги, айниқса, криминоген вазияти оғир маҳаллаларда амалга оширилаётган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш мақсадида жиноятчиликнинг "маҳаллабай" муҳокамаси ўтказилиши юзасидан "Бухоро тажрибаси" яратилган.
Жумладан, бугун ҳам жиноятчиликнинг навбатдаги «маҳаллабай» муҳокамаси Қоракўл туманининг криминоген вазияти бир мунча оғирлашган «Қораҳожи» ҳамда «Жиғачи» маҳаллалари аҳолиси ва жамоат фаоллари иштирокида ўтказилди.
Муҳокамада вилоят прокурори ҳамда Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосарлари, ҳуқуқ-тартибот органлари масъуллари, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича вилоят ҳамда ҳудудий идоралараро комиссиясига аъзо ташкилотлар мутасаддилари ҳамда ушбу маҳаллалар «еттилик» вакиллари иштирок этишди.
Мазкур муҳокама йиғилишида, туманнинг ушбу иккала маҳаллаларида вужудга келган криминоген вазият, ҳудудда содир этилган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, унга омил бўлган шарт-шароитлар бирма-бир таҳлил қилиниб, жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар хусусида сўз юритилди.
Шунингдек, кенг жамоатчилик вакиллари, корхона ва ташкилот ҳамда маҳалла масъулларига “Бухоро вилояти ҳудудида жиноятчиликни барвақт олдини олиш, ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича ҳамкорликдаги профилактик тадбирларни янада кучайтириш тўғрисида” ги Қўшма қарор талабларидан келиб чиқиб, жорий йилнинг 10 июнь кунидан 10 июль кунига қадар ўтказилиши белгиланган “Хавфсиз ҳудуд – долзарб 30 кунлик” тадбирларини самарали ташкил этиш юзасидан биринчи навбатда амалга оширилиши лозим бўлган ижтимоий профилактик тадбирлар хусусида зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилди.