Бухоро вилоятининг Қоровулбозор туманида Президент қарори ижросини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва хавфсиз муҳитни яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январь куни қабул қилинган “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида ҳуқуқ-тартибот ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда жамоатчилик билан ҳамкорликда кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигидаги масъуллар жойларда ўрганишлар олиб бориб, эришилган натижалар, мавжуд муаммолар ва тизимли камчиликларни танқидий таҳлил асосида муҳокама қилиб келмоқда.
Ана шундай навбатдаги ўрганиш тадбирлари Қоровулбозор туманида ҳам ўтказилди.
Ўрганишлар доирасида дастлаб Навбаҳор маҳалласи “еттилик” вакилларининг фаолияти, жиноятчиликни жиловлашга қаратилган чора-тадбирлари таҳлил қилинди. Маҳаллада амалга оширилаётган “Рақамлашган, обод ва хавфсиз маҳалла” концепцияси асосидаги ишлар кўриб чиқилди.
Давлатимиз раҳбарининг Қарорида белгиланган вазифаларнинг амалий ижроси, аҳоли билан профилактик ишларнинг самарадорлиги, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган комплекс ёндашувлар кўздан кечирилди.
Жараёнда “Бухоро тажрибаси” асосида профилактика катта инспекторларининг хизмат фаолиятида фойдаланишлари учун берилган дронларни профилактик тадбирлар давомида кенг қўллаш амалиёти ҳам кўриб чиқилди.
Маҳаллада фаолият олиб бораётган “Беш ташаббус” марказига ташриф доирасида ёзги таътил давомида мактаб ўқувчиларининг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун яратилган шарт-шароитлар, мавжуд қўшимча имкониятлар кўздан кечирилди.
Ушбу марказнинг фаоллар залида маҳалла оқсоқоллари билан очиқ мулоқот ўтказилиб, ҳудудда мавжуд ижтимоий муаммолар муҳокама қилинди ҳамда уларни ҳал этиш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.
Ўрганишлар якуни бўйича Ички ишлар бўлимида тезкор йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда жорий йилнинг 22–29 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан Бухоро вилоятида ўтказилган комплекс инспекторлик текшируви якунлари асосида берилган топшириқлар ижроси муҳокама қилинди.
Танқидий-таҳлилий, очиқ ва конструктив руҳда ўтган йиғилиш давомида туман ИИБ соҳавий хизматлари раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилиб, жорий йилнинг ўтган даврида туман ҳудудида қайд этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, омиллари, содир этган шахсларнинг тоифалари кесимида таҳлил қилинди.
Бундан ташқари Ички ишлар вазирининг тегишли фармойиши асосида Республика бўйлаб ўтказилаётган “Қорадори-2025” ҳамда вилоят ИИБ бошлиғининг фармойиши билан ўтказилаётган “Назорат” тезкор профилактик тадбирлари доирасида амалга оширилган ишлар ва эришилган натижалар ҳам бирма бир кўриб чиқилди.
Галдаги масала, шахсий таркиб ўртасида хизмат ва ижро интизомини мустаҳкамлаш, қонунчилик талабларига риоя қилинишини таъминлаш борасида ҳам профилактик огоҳлантирув ҳамда тушунтириш ишлари ҳам олиб борилиб, хизмат фаолияти давомида салбий кўрсатгич қайд этган айрим ходимларга нисбатан интизомий таъсир чораларини қўллаш, самарали фаолият юритган ходимларни эса рағбатлантириш борасида тегишли қарорлар қабул қилинди.
Бухоро вилоятида шунга ўхшаш кенг қамровли профилактик тадбирлар ва таҳлил асосидаги амалий ишлар изчил давом эттирилади.
Бу эса жойларда жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли билан самарали мулоқотни кучайтириш ва хавфсиз муҳитни таъминлашга хизмат қилади.